Тез кунда Нилуфар Усмоновадан севишган қалбларга аталган қўшиқ ва клип премьераси
Эстрадамиз юлдузи, халқимизнинг севимли санъаткори, шўх-шаддод ва самимиятда тенги йўқ хонанда Нилуфар Усмонова “Туғилсам” номли қўшиғини тақжим этган эди. Халқимиз томонидан илиқ кутиб олинган тарона қисқа фурсатда кўпчиликни эътиборини тортди. Долзарб мавзуни кўтаргани учун хонандага тасаннолар айтиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдираётганлар ҳам талайгина. Бундан хонанданинг боши кўкка етмоқда.
Нилуфар Усмонова халқимиз учун яна бир туҳфа тайёрламоқда. Бу туҳфа ҳам мухлислар учун муносиб совға бўлади десак янглишмаймиз.
“Кел иккимиз” – бу композиция Нилуфар Усмонованинг ғояси билан яратилган. Сўзлари Шуҳрат Нуралиев томонидан ёзилган. Жасур Абдураҳмонов эса мусиқасини басталаб, қўшиқни сайқаллаган. “ Бу қўшиқни яратилганига ҳам икки йил бўлди. Уни турмушимизнинг ўн йиллигида умр йўлдошимга совға қилганман. Қўшиқ турмуш ўртоғимга аталган бўлса-да унда ҳамма ўзини топа олади.” – дейди хонанда сайтимизга берган маълумотга қўшимча қилиб.
Тарона сокин бўлиб, илк жарангидаёқ юракларга яқин бўла олади. Севган, севилган қалбларга янада илиқлик олиб киради. Қўшиққа бериладиган таъриф чексиз, бироқ биз у ҳақидаги барча сирларни очмаймиз. Уни тинглаб, фикр-мулоҳаза билдиришни ўзингизга қўйиб берамиз.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Нилуфар Усмонова муҳаббатни тараннум этган бу қўшиғига видеоклип ҳам тасвирга олдирди. Клип ҳам мусиқий асар билан бирга намойиш этилиши режалаштирилган. Видеоклип Ёлқин Тўйчиевнинг сценарийси асосида, Сарвар Исаев томонидан тасвирга туширилди. Иккинчи режиссёр Дилбар Юсупова. Тасвирчилар Рустам Муродов ва Дилшод Ғаниев. Директор Шавкат Ризаев. Стилист-визажист Рената Искандарова. Трек ва сюжет жанридаги клипда бош ролларни Шаҳзода Матчанова, Шаҳло Темирова ҳамда Сарвар Исаев ижро этган.
Демак,тез кунда севимли хонандамиз Нилуфар Усмоновадан навбатдаги хит тарона ва клип премьераси. Фақат бизда! Кутинг, кузатинг.