ТОҲИР УСМОНОВ ИЛК БОРА МУСТАҚИЛ ИЖОД ҚИЛДИ
Ёшларнинг севимли хонандасига айланиб бораётган Тоҳир Усмонов 1-май куни “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали янги қўшиғи премьера қилинишига қадар мухлисларига яна кўплаб янгиликларни ҳозирламоқда.
Премьера учун ҳозирлаб қўйилган тарона “Холидахон” дея номланади. Қўшиққа хонанда ғояси асосида истеъдодли ижодкор Бобур Умаров мусиқа басталаган. Таронанинг мусиқий сайқали ҳам бастакор томонидан амалга оширилган. Тоҳир Усмоновнинг айтишича, қўшиқ матни унинг ўзига тегишли. Илк бора мустақил равишда ижодга қўл урган хонандага Бобур Умаров устозлик қилган. Яъни қўшиқ ҳамкорликда яратилган.
Маълум қилинишича, шу кунларда мазкур рақсбоп таронага клип ҳам суратга олиниб, тайёр ҳолатга келтирилмоқда. Уни тажрибали режиссёр Дилмурод Турдибоев тасвирга олган. Шунингдек, хонанда яна кўплаб янгиликларга қўл уряпти. Мазкур қўшиқ мухлисларига тақдим этилганидан сўнг кетма-кет тарзда тайёрланаётган бир эмас, икки эмас нақд тўртта тарона премьера қилинади.
Бундан ташқари, шу кунга қадар фақат шўх тароналарни яратиб келган хонанда эндиликда анъанага бироз янгилик киритмоқчи. Яъни биринчи бор сокин тарона куйлашга аҳд қилди. Лекин маҳзун қўшиқ бўлиши ваъда қилинаётган композицияда жиддий мавзу кўтарилар экан.
Яна бир қайноқ янгилик. Тоҳир Усмонов жорий йилда илк аудиоальбомини тайёрлашга киришган. Унинг қачон ва қандай ном ила тайёр бўлиши ҳақида эса кейинги гал батафсил маълумот берамиз.