“ЭЛДИДО” ГУРУҲИ СОХИБ АББОСХОННИНГ ФИЛЬМИДА
Кўпгина шўх ва рақсбоп тароналарни муҳлисларига тақдим этиб келаётган “ЭлДиДо” гуруҳи бу гал анъанага бироз янгилик киритди.
22-апрель куни соат 18:20 да “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали премьера қилинган “Зорман” қўшиғи айни шу янгиликнинг туҳфасидир. Сокин йўналишди ижро этилган “Зорман” таронасининг ғояси, матни ва мусиқаси Якзонга тегишли. Мусиқий сайқални Жасур Абдураҳмонов тайёрлаган.
Қўшиқ радио тўлқинларида жаранг сочиб тугаши биланоқ мухлислар томонидан илиқ фикрлар йўғрилган СМСлар оқими бошланди. Қилинган қўнғироқларда ҳам қўшиқнинг ниҳоятда аъло эканлиги ва қалбга жуда яқин, унинг торларини чертадиган даражада яхши куйланганлигини эътироф этишди.
Гуруҳ ижодкорлари яна бир янгиликдан бохабар этдилар. Шу кунларда “Ҳей ёр” номли шўх тарона ҳам тайёр экан. Унинг премьераси эса яқин кунлар ичида “Ўзбегим таронаси” радиоси ва сайтимиз орқали бўлиб ўтади.
Албатта, биринчилар қаторида, айнан бизда тинглаш имкониятига эга бўласиз. “ЭлДиДо” йигитлари тез кунларда мазкур иккала янги таронага ҳам видеоклип суратга олишни режалаштиришган.
Дарвоқе, яқиндагина тажрибали кинорежиссёр Сохиб Аббосхон суратга олган “Жоним фидо” фильмида “ЭлДиДо” гуруҳининг хонандалари Достон ва Дилниёзни кутилмаган образларда кўришингиз мумкин бўлади.
Айни дамда эса сайтимизда премьера қилинган янги сокин таронадан баҳраманд бўлишингиз мумкин.