Кино ва ёшлар: Форумнинг бу йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди
Ёшларга оид давлат сиёсати ижросини тўлақонли таъминлашнинг муҳим омилларидан бири бу – экранларда ёш авлодга тааллуқли масалалар юзасидан, хусусан болалар ва ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини инобатга олган ҳолда уларнинг мустақил фикрлаши, ижтимоий масалаларини ҳал этишга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган профессионал даражадаги кинокартиналарни яратишга кўмаклашиш ҳамда соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда кинематография равнақи учун хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқиш ва киноижодкорларда бугунги кунда яратилаётган фильмларга нисбатан ижтимоий масъулиятни оширишга қаратилган Форумнинг бу йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилотлари фаолларининг берган маълумотларига кўра, 3 кун давом этган Форумда киноижодкорлар, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошидаги Бадиий кенгаш аъзолари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилотлари фаоллари, талаба-ёшлар, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Мазкур Форум «Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури»га мувофиқ ташкил этилди.
Маълумот ўрнида: август-сентябрь ойлари давомида ҳудудларда давра суҳбатлари, видеоконференциялар ва учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда махсус кўрсатувлар орқали мавзуга доир масалалар муҳокама этилди. Республика миқёсида ташкил этилган тадбирларда ёшлар бугунги ўзбек киносининг савияси, соҳада мавжуд муаммолар юзасидан муносабат билдирдилар.
Форум якунида кино санъатини янада ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, кинематография ва ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.