Феруза Каримова: Xалқимизнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч - маънавият бор!
Азиз ёшлар, тенгдошларим, ака-укаларим, опа-сингилларим авваламбор барчангизга сабр тилайман. Азизлар, юртбошимиз айтганларидек, биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврдан тубдан фарқ қиладиган шиддатли замонда яшамоқдамиз. Бу ҳаётда одам баъзан ўзини йўқотиб қўядиган ғоят мураккаб муаммоларга дуч келади. Кескин вазиятдан чиқишнинг иложи йўқдек туюладиган ҳолатлар бор. Шундай пайтда, ишда ва ҳаётда, жамиятда оғир савдоларга дуч келганда ким ўзининг йўлини йўқотмаслиги мумкин? Ўйлайманки, биринчи навбатда ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бақувват бўлган одамгина бундай вазиятдан ёруғ юз билан чиқа олади. Маънавий бойлик шундай пайтда одамга катта куч ва мадад беради. Маънавиятга қарши қаратилган хуружларнинг реал хавфи ҳақида атрофлича фикр юритиш, халқимиз янги ҳаёт, янги жамият асосларини қураётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда одамларни бундай хатарлардан огоҳ этиш, эл-юртимиз, кенг жамоатчилик эътиборини бу масалаларга яна бир бор қаратиш, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлиликни аҳилликни йўқотмаслик ҳар биримизнинг олдимиздаги ҳам бурчимиз, ҳам вазифамиз деб ўйлайман.
"Халқ - бамисоли улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвон. Уни йўлдан чалғитишга уринувчилар, пайт пойлаб орқасидан ҳамла қилувчилар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Карвон бехатар бўлмас, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо халқ карвонини ҳеч қандай куч ортга қайтаролмайди. Нега деганда, халқнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч - маънавият бор. Барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган томони шундаки, бизнинг эзгу интилишларимиз замирида ҳам ана шундай пок ният, буюк ишонч мужассам. Аниқ мақсад йўлидаги бунёдкорлик ишларимиз амалий натижалар бера бошлаган, кўзлаган режаларимиз босқичма-босқич рўёбга чиқиб, дунё ҳамжамиятидан ўзимизга муносиб ўрин эгаллаб бораётган ҳозирги кунда халқимиз, миллатимиз қалбидаги ана шу ишонч янада мустаҳкамланмоқда.
Шу боис мен шонли тарихига садоқат билан қараб, бугунги озод ҳаётини қадрлаб, ўз келажагига катта умид билан интилаётган халқимизнинг донишмандлиги ва матонати, унинг иймон-эътиқоди, мустаҳкам иродаси ва юксак маънавий руҳи доимо барқарор яшайди, деб ишонаман." -дея юртбошимиз бизга катта ишонч билдирган эдилар. Мана шу ишончни оқлаш, турли ижтимоий тармоқлар орқали онгимизга ҳар-хил бузғунчи ғоялар билан таъсир кўрсатишга уринаётган разилларга аҳамият бермасдан олға интилишимиз шарт! Зеро, Президентимиз айтганларидек, "Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тан-у бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, Ўзбек халқини ҳеч ким ким ҳеч қачон енга олмайди"!
Феруза Каримова