Муқимий театри жамоаси: Биз, халқ отаси айтганидай “ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”!

Сана: 03.09.2016 3333

Муқимий театри жамоаси: Биз, халқ отаси айтганидай “ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”!

Мен, бир актёр сифатида кўп вилоятларда бўлиб халқимизнинг кўзларида ўту олов кўрдим. Уларнинг нигоҳидаги аланга менинг юрагимга ҳам ўтарди. Ислом Каримов номи тилга олинганда эл-юрт уни олқишларди. Биринчи Президентимиз Амир Темур, Навоий, Улуғбек авлодларига мурожаат қилиб “Биз ким эдигу ким бўлдик” деб ўзликни уйғотишга ижобий маънода туртки берган эдилар.
Вафот этган кунлари кўчада ёши улуғ онахонлар билан расида қизларни ҳам кўк рўмол ўраганларини кўриб ўртаниб кетдим, кўзимга ёш югурди.
Президентимиз бир гал “биз, энди оддий одам эмасмиз” деган эдилар. Ҳақиқатан ҳам биз бугун оддий одам эмас, халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз сўзига эга, буюк халқлардан биримиз.
Президентимиз халқимизга қарата кўп марта “ҳаммангизни қучоқлагим келади” дегич эдилар. Энди биз, юртбошимизнинг руҳини шод қилиш учун ижод, ижод ва яна ижод қилишимиз зарур.
Мирза АЗИЗОВ,
Ўзбекистон халқ артисти

 

Муҳтарам Президентимизнинг вафоти биз, санъаткорлар учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Юрагимнинг бир парчаси узилгандай ўзимни ҳис қилдим. Сал кам 30 йил давомида мамлакатни бошқарган юртбошимиз эл-юрт учун онгли равишда ақл-заковати, куч-ғайрати, фидокорлиги билан хизмат қилди.
“Биздан озод ва обод юрт қолсин” шиорининг муаллифи сифатида биринчи раҳбаримиз диёримизни тараққиёт ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.
Кексаларга иззат, ёшларга ҳурмат, аёлларга эътибор доимо уларнинг аъмолида бўлди. Шунинг учун ҳам ота-оналару гўдакларгача у кишини дуо қилишарди.
Юртбошимиз Ислом Каримовнинг номи қалбларимизда умрбод яшайди. Охиратингиз обод бўлсин!
Маръям ИХТИЁРОВА,
Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси


Х Х Х


...бугун ҳамманинг кўзидан ёш тизилиб тинмайди...қалбларда эса қайғу қойим... Нафақат Ўзбекистон халқи, балки озодликни суйган дунё аҳли азадор...
Биз, санъаткорлар кўзимиздан ёш дарёси шашқатор бўлиб, илк Президентимиз, буюк инсон Ислом Каримовга жойингиз жаннатда бўлсин деймиз.
Чуқур қайғу билан
Бахтиёр ИХТИЁРОВ,
Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби


Х Х Х


Бугун бутун ўзбек халқининг қалби чуқур-чуқур мотамда... Юрт отаси, бетакрор инсон, ёш қарининг қалбининг тўридан бир хил жой олган меҳрибонлик тимсоли бўлмиш юртбошимиз билан видолашиш халқ учун, ҳамма учун, шахсан мен учун ҳам жуда оғир бўлди.
Ўз оилам, ўз ишхонам-Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри жамоаси номидан айтаманки...
Оллоҳ жойингизни жаннатда қилсин! Охиратингиз обод бўлсин! Бир умр қалбимизда, юрагимда яшайсиз азиз ва ҳурматли Ислом ота!
Мотамга тўлган қизингиз
Меҳри БЕКЖОНОВА,
Ўзбекистон халқ артисти


Х Х Х


Мен, юртбошимиз Ислом Каримовнинг санъат аҳлига кўрсатган меҳрибончиликларининг бир неча марта гувоҳи бўлган. У кишининг имзоси билан менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилган.
Раҳбаримизнинг адабиёт ва санъат аҳлига қарата айтилган “ёшларимиз ҳавас қиладиган, ўрнак олишга арзийдиган замонавий қаҳрамонлар керак” деган таъкидли талабларига жавобан бир гуруҳ кино усталари билан “Чавандоз” бадиий фильмини яратганимиз, мен унда бош қаҳрамон чавандоз ролини ўйнаганим уларнинг давъатига камтарона жавоб бердим. Аммо у киши вафот этганларидан сўнг менда бу ишимиз ҳали оз эканлигини ўйлаб қолдим. Раҳматли раҳбаримизнинг руҳи олдида ўз санъатимиз, маҳоратимиз билан янги қаҳрамонлар тимсолини яратишга бурчлимиз.
Боир ХОЛМИРЗАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доцент


Х Х Х


Халқимизнинг буюк фарзанди, ўзбекнинг ўзлиги, қандай салоҳиятга эгалигини бутун дунёга танитган, шу халқининг юрак-юрагидан жой олган, эл дардида бутун умирида бахшида этган муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов орамиздан бевақт кетганликлари бутун миллатни чуқур қайғуга солди.
Инсон бутун умри давомида қилган ишлари билан ўзидан хотира қолдиради. Аммо Ислом Каримов ўзидан жўн хотира эмас, давр шамоллари йиқита олмайдиган буюк метиндай мустаҳкам ҳайкал қолдирдилар.
Мен айнан юртбошимизнинг муборак имзолари билан икки марта, яьни унвон ва орден олдим. Ҳар куни хонадонимга борганимда у кишининг қутлуғ имзоларини кўраман.
Бундан кейин ҳам Президентимиз ғояларига содиқ қолиб, саҳнада, кинода ва эл-юрт билан бўладиган дийдорлашувда санъатим билан туну кун ҳисобот бераман.
Охиратингиз обод бўлсин, азиз юртбошимиз!
Турғун БЕКНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби

 

Х Х Х


Ўзбек халқининг дунё сарҳадларида қаддини тик тутиб ва фахрланиб юриши учун шу тупроқда ўсиб-улғайган, дунё тамаддунига буюк ҳисса қўшган улкан аждодларимиз бор. Ана шу боболаримизнинг буюк йўлларини давом эттириб, мустақиллигимизни ёмон назардан асраган, “халқ отаси” номини олган Президентимиз Ислом Каримовнинг вафоти қалбимизни ларзага солди.
Юртбошимиз ислоҳотчи сифатида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда мамлакатимиз бугуни ва келажаги режасини чизиб бердилар ва биз бу йўлни ҳормай-толмай давом эттиришимиз керак.
Биз, халқ отаси айтганидай “ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”!
Александр БЕКЖОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист


Х Х Х


Миллатимиз буюклигини, тарихимиз қадимийлигини, аждодларимиз кимлигини, кимларнинг авлоди эканлигимизни миямизга қуйиб келган муҳтарам юртбошимизнинг вафоти ҳаммамиз учун йўқотиш бўлди. Бу буюк зот қисқа вақт ичида қандай ишларни, ўзгаришларни амалга ошириб, мамлакатимизни гуллаб-яшнаш йўлига чиқарганлари, биз, ёшларни қўллаб-қувватлашлари таҳсинга лойиқдир.
Лекин биз бу жудоликдан тушкунликка тушмаймиз. Аксинча, юртбошимиз хотираси олдидаги бурчимизни бажариш учун ўйнаётган ролларимиз билан ўзбек санъатини янада юксакликларга кўтарилишида ўз ҳиссамизни қўшиш билан исботлаймиз.
Азизхон ЛАТИПОВ,
Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри актёри


Х Х Х


Мен, Президентимиз вафотидан бир неча бурун улуғ зотнинг имзоси билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим тўғрисидаги хушхабарни ўқиб кўзларим ёшланган эди. Ҳали севинч ёшлари қуримасдан бурун кўзимга мусибат ёшлари тизилди.
Биз, ёшларга оталик нигоҳи билан қараб ижод сарҳадларини ишғол қилишимизга руҳлантирган юртбошимиз энди йўқлар. Бу сўзни айтаману томоғимга тош тиқилиб, яна кўзим ёш дарёсига тўлади.
Расулхон ҚОДИРХОНОВ,
“Шуҳрат” медали соҳиби

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol