Сардор Раҳимхоннинг "Ҳабибим ҳолим ёмон" таронаси Тожикистонлик машхур хонанда томонидан ижро этилди
Биламизки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг деярли барча қўшиқлари хит даражасига кўтарилмоқда. "Санамжон" деймизми, "Фаридам", "Омон-омон", "Маликам энди қара" деймизми ёки шу кунларда янаям хит бўлаётган"Ҳалима" дуэти, "Отамдан ёдгорим онам" қўшиқлари, хуллас бу кетма кетликни хонанданинг энг сара қўшиқлари билан давом эттириш мумкин. Ана шундай тароналардан бири "Ҳабибим ҳолим ёмон" композицияси бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки ўзга юртларда ҳам ўз мухлисларини топиб улгурди. Бу қўшиққа алоҳида тўхталганимиз бежиз эмас.
Ушбу композициянинг довруғи бугун кўпгина давлатларгача етди. Нафақат ўзбек тилида, балки форс тилида мухлислар севиб тинглашмоқда. Сардор Раҳимхоннинг дўсти, ҳамкасби, Тожикистоннинг машхур хонандаси Жонибек Муродов бу қўшиқни фoрс тилида ижро этди ва бу тингловчилар томонидан кутилганидан ҳам аъло даражада қарши олинди. Айни дамда бу қўшиқнинг ҳар икки тури ҳам хит даражасида! Жонибек Муродовнинг яккахон концерт дастурларида мухлислар томонидан энг кўп сўраладиган тарона ҳам айнан шу қўшиқлиги маълум бўлди. Бу албатта катта ва кутилмаган натижа ҳисобланади. Бу ютуқ нафақат Сардор Раҳимхонники, балки, ўзбек санъатиники ҳамдир. Бугунги кунда шундай сара тароналар яратилаётган эканки, уни бутун дунё тингламоқда. Бу эса, санъатимиз юксалаётганидан дарак. Биз бу ютуқ билан хонандани қутлаймиз ва ана шундай хит тароналар яратишда давом этишини тилаб қоламиз.