СЕВГИНИНГ ҚАДРИ МУҲРЛАНГАН ФИЛЬМ

Сана: 15.04.2014 6358

14 апрель куни соат 18:00 да “Алишер Навоий” кинотеатрида Рустам Садиев режиссёрлигидаги “Севги, балки бу жаннат” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.   

 

Премьерадан аввал, фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиниб, томошабинларга таништирилди. “Севги, балки бу жаннат” фильмида бош ролларни Йигитали Мамажонов ва Юлдуз Ражабова ижро қилган. Шунингдек, Санжар Шодиев, Сайёра Юнусова, Муяссар Бердиқулова, Улуғбек Холмедов, Абдуҳаким Тоштемировлар каби маҳоратли актёр ва актрисаларнинг ҳам чиқишларини кўришингиз мумкин бўлади.

“Севги, балки бу жаннат” кинокартинаси Рустам Садиев ғояси ва режиссёрлигида суратга олинган бўлиб, иккинчи режиссёр Дилбар Юсупова. Сценарий муаллифи Шоира Ғиёсова. 

Премьерада фильм режиссёри Рустам Саъдиев сўзга чиқиб, картина номи ва унинг суратга олиниши хусусидаги баъзи бир маълумотларни ҳам айтиб ўтди. Фильм икки қисмли бўлганлиги учун шу йилнинг август ойларида унинг иккинчи қисмини ҳам мухлисларга тақдим этишларини маълум қилди.

Фильмнинг қисқача мазмуни: Бош қаҳрамон йигит тимсолида болалигиданоқ ота-она меҳридан йироқда, меҳрибонлик уйида улғайган инсон. Меҳрибонлик уйида вояга етган бу йигитча, улғайгач ўқиш ва меҳнат билан ҳаётда ўз ўрнини топишга интилади. Лекин, оддий қиз эмас, бойвучча қизга кўнгил қўйиши, ҳаётига тўсатдан кириб қолиши унинг мақсад ва режаларини буткул ўзгартириб юборади. У бадавлат қиз эса, ўзига ўхшаган миллионер йигитга турмушга чиқаётган эди. Буни қарангки, бойвучча қиз меҳрибонлик уйида тарбияланган ақилли, меҳнаткаш бу йигитни кўриб севиб қолади. Бошида уни шу қадар севиб, ўрталаридаги меҳрни асл бахти деб ўйлайди. Лекин кейинчалик унинг фикрлари тубдан ўзгариб кетади. Мана энди кутилмаган воқеалар бошланади. Ошиқ йигитнинг ёшликдаги ота-она меҳрисиз катта бўлганидаги изтироблар, севгисининг парчаланиб кетиши... Хуллас, қолган воқеалар-у, буларнинг қандай якун топганлигини фильмни томоша қилгандан сўнг билиб оласиз.

Премьрадан сўнг кўплаб томошабинлар билан суҳбатлашганимизда, фильм жуда манзур келганлигини алоҳида таъкидлаб, унинг иккинчи қисмини интизорлик билан кутишаётганлигини айтишди. Томошабинлар фикрига кўра, Йигитали Мамажонов ва Юлдуз Ражабова партнёрлиги ва уларнинг ижро этган образлари таҳсинга лойиқ. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol