“ЎЗБЕКНАВО”да “СУМАЛАК ШОУ"

Сана: 12.04.2014 6441

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ташаббуси билан 11-апрель куни пойтахтимизнинг “Ал азиз” ресторанида машҳурларнинг “Сумалак шоу”си ташкил этилди. 

 

“Ал азиз”нинг ёзги қисмида қозонда сумалак қайнамоқда. Эстрадамизнинг машҳур юлдузлари эса бирма-бир қозон ковлаб, энг эзгу тилакларини айтиш билан овора. Ўзбекистон халқ артистларидан тортиб, ёш ва таниқли юлдузларгача ташриф буюрган “Сумалак шоу” куй-қўшиқ ва рақсга уланиб кўтаринки кайфиятда ўтди.

Ойбек ва Нигора ҳам биринчилар қаторида қозондаги сумалакни ковлашга тушишди. Ўчоқ баландлиги учунми ёки Нигоранинг бўйи пастлиги панд берганиданми, хуллас Нигорага ковлаш жараёни анча мушкул кечди. Бироқ хонанда шаҳдидан қайтгани йўқ...

Нигоранинг шижоатига қаранг ҳеч кимга навбат бергиси ҳам йўқ шекилли...

Актриса Шаҳзода Муҳаммедова ҳам энг эзгу тилакларини айта туриб, ҳамкасбларини ёрдамга чақирди. Бироз вақтдан сўнг эса қизлар жам бўлиб, лиқ тўла сумалак қозони устида туриб жонли қўшиқ куйлашга ўтдилар. 

Бироздан сўнг Анвар Собиров ва Маҳмуд Намозов ҳам қозон олдида бир зумда пайдо бўлди-ю, хотин-қизлар қўлидан ковлагични олиб, улар ҳам эзгу ниятларини айтишга ўтдилар. 

Сумалак тайёр бўлгач ҳозирланган саҳнада эмас, аксинча қозон атрофи ва олдида айланиб рақсга тушишга ўтдилар. Мазкур тадбир ҳақиқий “юлдузлар сумалак шоу”сига айланиб кетди.  

 

Сумалак базмида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Маданият ва Спорт ишлари вазирининг ўринбосари – "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Аҳмедов Баҳодир Мажидович сўзга чиқиб, мазкур тадбирни ўтказишни анъана тусига айлантириш лозимлиги хусусида гапириб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда шоу-бизнес оламининг ниҳоятда гуркираётганинг бош омили - юртимиз тинч, халқимиз осойишта турмуш кечираётганидан дарак эканлигини ҳам таъкидлади. 

Хуллас, “Сумалак шоу” бундан сўнг ҳар йили апрель ойининг 11-санасида ўтказиладиган бўлди. Негаки, март ойида тадбир ва байрамлар кетма-кетлиги сабаб, барча санъаткор ва хонандалар эл хизматида бўлишади-да.  

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol