“Янги овозлар” сараланмоқда
Ёшлар ижод саройида “Янги овозлар” телетанловининг саралаш босқичи бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур телетанлов санъат саҳнасига эндигина қадам қўяётган ёшлар учун ижодий майдонга айланди.
“Янги овозлар” телетанлови хонандалик йўналишида ўз ижодини бошлаган ёшларнинг маҳоратини ошириш, жаҳон ва ўзбек миллий хонандалиги анъаналарини тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Шунингдек, телетанлов янги, маҳоратли овоз соҳиблари, турли жанрлар ва чет тилларида куйлай оладиган ёш истеъдодларни излаб топиш ҳамда уларни профессионал санъатга жалб этиш каби вазифаларни ҳам адо этади.
Телетанловда 18-30 ёшдаги ҳаваскорлар ва профессионал тайёргарликка эга бўлган иқтидорли ёшлар ўзаро беллашмоқдалар.
400 нафардан зиёд ёшлар хонандалик йўналишида ижод қилаётган иқтидор эгалари телетанловда иштирок этиш истагини билдирдилар.
Саралаш босқичининг биринчи кунида Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан ташриф буюрган 100 нафардан зиёд ёшлар ўз истеъдодларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати ва кенг жамоатчилик олдида намойиш қилишди.
Телетанлов 22 июлга қадар давом этади.
Ёшлар маданият ва санъат маркази матбуот хизмати.