Шукроналик ва ифтихор туйғуларининг ўзига хос кўриги бошланди
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган юртимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, ўтган давр мобайнида она юртимиз, барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ёшлар маданият ва санъат маркази ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлигида оммавий ахборот воситалари ходимларининг «Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» шиори остида вилоятимизда ўтказиладиган ана шундай тадбирга пойтахтдан ташриф буюрган санъат ва ижод намоёндалари билан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда фикр юритилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов йиғилганларни яқинлашиб келаётган байрам билан қизғин қутлаб, туманларда ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар, самимий мулоқотлар вилоятимиз аҳлига алоҳида шукуҳ бағишлаши ҳусусида сўз юритди. Ўзбекистон Республика Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Узаков таниқли санъаткорлар, ижрочилар, театр ва кино юлдузлари, ёзувчи ва шоирлар билан бўлажак учрашувларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирди.
Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов ҳафта давомида андижонликлар ҳузурида мустақилликнинг улуғ неъматлари ҳақида самимий мулоқотлар янгидан янги ижодий режаларга куч бағишлашини таъкидладилар.
Маданий-маърифий тадбир қатнашчилари шу йилнинг 11-16 июль кунлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўладилар. Тарғиботчилар куни кеча Асака, Бўз, Балиқчи туманларида ўз ишларини бошладилар.
Ёшлар маданият ва санъат маркази ва
Андижон вилояти хокимлиги матбуот хизмати.