Ёш ва истеъдодли ҳонанда Зоирбекнинг янги қўшиқ ва видеоклип премьераси
Санъат оламига шаҳдам кириб келаётган Зоирбек 4-апрель санасида янги ижод намунасини расмий равишда “Ўзбегим Таронаси” радиоси ва сайтимизда тақдим этди.
“Бу юрак” номини олган янги тарона премьераси айнан ҳонанда иштирокида жонли равишда ўтказилди. Бугун Зоирбек ФМ 101 “Ўзбегим Таронаси” радиосига ташриф буюрди. Шу вақтгача бир неча тароналари билан кўплаб тингловчилар қалбидан жой ола олган ҳонанда суҳбат аввалида ҳаяжонда эканлигини билдириб ўтди. Шундай бўлса-да, қисқа суҳбат ҳамда қўшиқ премьераси омадли тарзда ўтди.
Қўшиқ премьерасидан аввал тарона ҳақида маълумотлар бериб ўтилди. “Бу юрак” номли таронанинг матни Камрон қаламига мансуб, мусиқаси ва аранжировка муаллифи Саидумар Имомхўжаев. Айнан мазкур таронанинг ғояси ҳам Саидумар Имомхўжаевга тегишли.
Тарона жиддий мавзуда бўлса-да, шўх оҳангга эга. Шу орқали кўпчиликни рақсга чорлаши аниқ. Шахсан Зоирбек учун бу тарона алоҳида аҳамиятга эга, сабаби ўзининг ҳам бу қўшиққа меҳри бўлакча экан.
Тарона премьера қилингач, тўғридан-тўғри эфир орқали тингловчилар фикри қабул қилинди.
Уларнинг фикрларидан тингловчилар аллқачон Зоирбек мухлисига айланганликлари аён бўлди. Суҳбат давомида шунингдек, ҳонанда ижодидаги келгуси режалари борасида ҳам ўртоқлашди. Баҳор фаслига мос тарзда янги “Яна-яна” ҳамда ушбу мавсумга хос “Ёмғир” номли сокин тароналар деярли тайёр ҳолатда. Бу тароналар ҳам яқин кунлар ичида тақдим этилиши кутилмоқда.
Суҳбат сўнггида эса Зоирбек ўзининг қалбидаги энг эзгу ва самимий тилакларини билдириб, студияни тарк этди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур таронага суратга олинган видеоклип ҳам тайёр ҳолга келиб, сайтимиз орқали тақдим этилмоқда. Видеоклип трек йўналишида тайёрланган бўлиб, ҳонанда 3 хил кўринишда намоён бўлган. Шуни айтиш керакки, клип шунчаки трек эмас. Унда Зоирбекнинг кўплаб қирралари, ҳиссиётлари намоён бўлган. Сиз бир вақтнинг ўзида ҳам янги қўшиқдан, ҳам янги видеоклипдан баҳраманд бўлишингиз мумкин.