Сардор Раҳимхон 10 йилдан буён унга мухлислик қилаётган қиз учун қўшиқ куйлади
Май ойида ўтказилиши режалаштирилган яккахон концерт дастурига тайёргарлик кўриш билан бирга янги ижод маҳсулларини тақдим этишни канда қилмаётган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон навбатдаги тарона ва клип устида иш бошлаб юборди.
“Фаридам мани” деб номланган мазкур қўшиқни яралиш тарихининг ўзи мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Бу композиция хонанданинг сўзларига қараганда, унинг ижодига бефарқ бўлмаган, 10 йилдан буён унга содиқ мухлис бўлиб келаётган Фарида номли қизга бағишланган.
Фарида севимли хонандасига хат йўллаган. Мактубда ёзилган воқеа хонандани шу қадар таъсирлантириб юбордики, шу қизга бағишлаб қўшиқ куйлашга аҳд қилди. Реал воқеаларга асосланиб ёзилган мусиқий асарга ҳаттоки видеоклип ҳам суратга олдирди.
Видео асарда Фариданинг ҳаётини кўрсатиб бериш, маромига етказиб тасвирга тушириш клипмейкер Дилмурод Агзамовга топширилган. Айни дамда клип тайёр бўлиш арафасида. Мактубда нималар битилган эканки, хонанданинг руҳиятига бу қадар каттиқ таъсир қилган бўлса? Нима сабабдан Сардор Раҳимхон бу хатга бефарқ ўтиб кетмади? Буни албатта тез кунда премьера жараёнида хонанданинг ўзидан билиб оламиз.
Тез кунда халқимизга тақдим қилиниши кутилаётган ушбу қўшиқ ва клипни муаллифларига тўхталадиган бўлсак, сўзи Зафар Қодиров томонидан ёзилган. Мусиқаси эса Эронлик машхур композитор ва хонанда Амин Ростамига тегишли. Мусиқа айрим мухлислар таниш бўлиши мумкин. Бироқ хонанда бу мусиқани муаллифнинг рухсати билан олиб ижро қилди. Клип режиссёри Дилмурод Агзамов. Оператор Рустам Муродов. Демак, кузатишда давом этинг ва янги клипни кутиб қолинг.