“Ўзбегим таронаси” радиосида ҳам катта байрам!
Наврўз байрами ҳар йили юртимизда кенг нишонланади. У ўйин-кулгу, қувноқ қўшиқлар, турли қизиқарли томошалар, тансиқ таомлар, меҳмондорчиликлар ва албатта шодликка бой бўлади.
Диёримизнинг турли гўшаларида байрам ўзгача кўтаринки кайфиятда ўтганидек, “Ўзбегим таронаси” радиосида ҳам ажойиб туҳфаларни тингловчиларга тақдим этиш билан кечди.
Завқли тўлқиннинг қувноқ бошловчилари тингловчиларга севинч улашиб, турли хил викториналар олиб боришди. Ғолибларга ёш хонанда Зоирбек томонидан тақдим этилган совғалар топширилди.
Шунингдек, ФМ 101 тўлқининг байрам дастурида Наврўз байрамининг тансиқ таомларидан сумалакка урғу берилди. “Энг лаззатли сумалак” акцияси ёрдамида, пойтахтимиз бўйлаб, турли маҳаллаларда тайёрланаётган сумалаклар радиога тўпланди. Ушбу сумалакларни “Ўзбегим таронаси” радиосининг ижодкорлари таътиб, баҳо бердилар. Юнус обод тумани “Тутзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Валиевлар хонадонида тайёрланган сумалак биринчи ўринни эгаллади. Уларга завқли тўлқиннинг махсус совғаси топширилди.
Кун турли ўйинлар, совғалар тақдим этилиши, табриклар, қўшиқлар билан ўтган бўлса, соат 16.00дан бошлаб, студияга “Серенада ижод” гурҳи ташриф буюрди. Нега?-деган саволга жавоб: Тўғридан тўғри эфирда куй ижро этиш учун! Тўғри тушундингиз тингловчилар ижодкорларнинг жонли ижроларидан баҳраманд бўлишди. Бу гуруҳлар ижодкорлари маҳорат билан мусиқий туҳфаларни тингловчиларга йўллаб, байрамга янада файз, янада қувонч баҳш этган бўлсалар ажаб эмас.
“Серенада ижод” гуруҳи иқтидорли ижодкорлардан ташкил топганига ишоч ҳосил қилдик. Ахир радионинг тўғридан тўғри эфирида жонли тарзда қўшиқ ижро этишни ҳамма ҳам уддасидан чиқмайди. Ижодкорлар студияга ўз мусиқий асбобларини яхшилаб жойлаштириб, жонли тарзда куй ижро этсалар, гуруҳ аъзоларидан бири Муҳаммадали жонли равишда қўшиқ куйлади. Уларнинг иқтидорига қайта ва қайта тан бермасликнинг иложи йўқ.
16 дан 17 га қадар “Серенада ижод” гуруҳининг жонли тарзда ижро этган қўшиқларидан баҳраманд бўлган бўлсак, соат 17 дан “Азия” гуруҳи ижодкорлари студияга жойлашдилар ва улар ҳам жонли равишда куйланган қўшиқларни тингловчиларга тақдим этдилар. “Азия” гуруҳи аъзолари ҳам бор меҳр-муҳаббат билан тароналарни ижро этиб, барчага севинч улашдилар. Ижодкорларнинг тароналарини тинглаб, уларнинг истеъдодига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқлигини англаб етдик.
Ким билади, балки бундай тажриба, бундай ютуқ завқли тўлқин ижодкорларини мунтазам равишда ана шу каби “жонли” лойиҳаларни ўтказишни анъана тусига киритишига туртки бўлар.
Шундай қилиб завқли тўлқининг муҳлислари кун давомида ранг-баранг дастурлардан, викториналардан, жонли ижродан, кутилмаган туҳфалардан, шунингдек бошловчиларнинг меҳр-муҳаббатидан баҳра олдилар.
"Ўзбегим таронаси" радиосининг барча ижодкорлари барча тингловчиларни Наврўз айёми билан муборакбод этадилар!