"МУХБИРСИЗ СУҲБАТ" лойиҳаси - ФАРҲОД ВА ШИРИН БИР-БИРИНИНГ СИРЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛДИ

Сана: 15.03.2014 8185

“Popcorn.uz” сайти эндиликда “Мухбирсиз суҳбат” лойиҳаси асосида шоу-бизнес вакиллари билан бирга ажабтовур саволлар-у, ҳангомаларга бой суҳбатларни эътиборингизга ҳавола этишни бошлайди. 

Лойиҳанинг антиқалиги шундаки, суҳбат жараёнида саволларни мухбир эмас, аксинча гуруҳ ва дуетдош бўлиб бирга ижод қилаётган юлдузларимиз бир-бирини саволлар ёмғирига дучор этади. Демак, илк меҳмонларимиз эстрада йўналишида серғайрат ижод қилаётган ФАРҲОД ва ШИРИН бўлди.   

ШИРИНГА саволлар:

Фарҳод: Кўпчилик ким ва нима сабаб бирга ижод қила бошлаганимзга қизиқар экан. Биз қандай танишиб қолган эдик? 

Ширин: Эсингизда эмасми? Ўзбекистон Давлат консерваториясида ўқиб юрган кезларимизда учрашиб, танишган эдик. Шундан сўнг устозимизнинг маслаҳатларига қулоқ тутиб бирга ижод қилишни бошладик. 

Фарҳод: Жуда аразчисиз, менимча адашмадим? Тезда уришиб қолиш ҳам сизга хос бўлса керак? 

Ширин: Бу қуруқ туҳмат-ку? 

Фарҳод: Мен шунақа деб ўйлайман? Тўғримасми?

Ширин: Йўқ-йўқ, унақа эмас. Агар менга нисбатан ноҳақлик бўлса, тезда аразлаб, уришиб қоламан. Аммо, тезда ярашиб ҳам оламан. Албатта, барча тортишувлар Фарҳод билан содир бўлади.  

Фарҳод: Сизни деб кўпгина тадбир ва учрашувларга кеч қоламиз...

Ширин: Йўқ бу савол сизга тегишли. Чунки кўпроқ ўзингиз кеч қолиб келасиз-ку? Мен салонга бориб, либослар танлови билан узоқ ушланганим билан учрашув ва тадбирларга бориш учун вақтлироқ ҳаракат қиламан.   

Фарҳод: Кеч қоласиз, доим кеч келасиз, фақат буни ҳеч ким айтмаслиги керак. Айтган билан нима наф, барибир сувдан ҳар доим қуруқ чиқасиз-у... Ҳа, майли кейинги саволимни бераман. Хўш, барча қизлардек сиз ҳам оппоқ отдаги шаҳзодани орзу қилиб юрибсизми? Бўлажак куёв фазилатлари хусусида қисқача гапириб ўтсангиз?

Ширин: Биринчидан оқ отдаги шаҳзодани кутаётганим йўқ. Чунки ҳозир ҳеч ким от минмаса ҳам керак (кулади). Орзу қилиб кутаётган шаҳзодам фазилатлари ҳақида олдиндан “мана бунақа йигит бўлсин...” деб гапирмоқчи эмасман. Бироқ, эътиборли, меҳрли ва албатта, ақилли бўлишини истаган бўлар эдим.   

Фарҳод: Санъатда кимга тақлид қилар эдингиз?

Ширин: Ҳеч кимга тақлид қилмаганман. Санъаткорлардан ниманидир олишга ҳаракат қиламан, аммо бу уларга тақлид қилиб, овозини ёки ҳатти-ҳаркатларини ўхшатишга уринаман дегани эмас. Ўзим Насиба Абдуллаева ва Юлдуз Усмоновага мухлислик қиламан. Уларнинг ижодини ҳам инсоний фазилатларини ҳам ёқтираман. Санъатда улардек серғайрат ижод қилишни истайман. Чунки ёшим 30-40 га борганида мухлисларимиз “Мана бу ашулачи яхши қўшиқ айтар эди-я. Ҳозир шунчаки ижод қиляпти...” деган гапларни айтиб, эслаб юришларини хоҳламайман. 

Фарҳод: Сиз билан юз берган энг қизиқ воқеалардан бирини эслатиб юборинг?!

Ширин: Ўзи ҳар бир кунимиз ҳазил-ҳузул ва қизиқ воқеаларга бой тарзда ўтади-ку... Қай бирини айтай, ҳаммаси қизиқ. Хуллас, бир гал тўй хизматидамиз. Никоҳ маросими бошланиб, келин-куёв кириб келди. Барчага салом бериб, тўйнинг биринчи қисмини тугатиб бўлдик. Мана энди иккинчи қисми бошланди. Фарҳод билан бирга саҳнага чиқиб қўшиқ айтишни бошлаётган эдик. Хаёл билан бўлиб, “Ассалом-у, алейкўм, хуш келибсизлар бугун хизматингизда Фарҳод ва Ширин...” деб юборсам бўладими. Ҳамма ҳайрон “нега яна саломлашяпти?” деб. Ўшанда кўпчилик кулган. Ўзим ҳам кейин англаганман. Шунинг учун устозим менинг телефон рақамимни Ширин деб эмас, “Серсалом” дея сақлаб қўйганлар. “Ота уйнинг остонасида” қўшиғини барча билсак керак. Худди мана шу қўшиқнинг овоз ёзиш жараёнида “Палаҳмонлар олиб отган тошми қизлар...” деган сатрларини “ҚАДРДОНЛАР олиб отган тошми қизлар...” деб куйлаганман. Мана энди барчанинг юмалаб кулишини томоша қилаверинг! Ўшанда ҳам чалғиб қолганманда. Чунки кейинги жумлада қадрдонлар деган сўз ҳам бор эди-да (кулади).       

Фарҳод: Ўрганиб қолган одатларингизни ҳам санаб берсангиз чакки бўлмас эди?

Ширин: Унчалик кўп эмас-у, бироқ атрофдагилар ҳам сезган биргина одатни айтаман. Саҳнада ҳам ҳаётда, ҳам сочимни у ён, бу ёнга суриб, тез-тез сочларимга тегиб туришимни айтишади. Билмадим, бу менга одат бўлиб қолгандир. Чунки сочларим узун бўлганлиги сабабли юзимга бир толаси ҳам тушиб туришини жиним суймайди. Ўша бир тола бўлса ҳам уни чеккароқа суриб қўяман. Менимча бошқа одатларим у қадар сезиларли эмас-ку, тўғрими Фарҳод?

Фарҳод: Ҳар ҳолда мендан бошқа биров сезмайди (ҳазил). Қизиқ савол, бизни бирга оила қурган деб ўйлашар экан? Ана, холос...

Ширин: (кулишдан ўзини тута олмай гапиришга лол қолди)Во-о-ой, ростанми?  

Фарҳод: Тасаввур қиляпсизми Ширин, ахир бу ҳақида ўйлаганимиз ҳам йўқ? 

Ширин:  Шу хаёлда юрган мухлисларимизга жавобимиз битта бу ҳам бўлса бу шунчаки миш-миш. Ҳатто, қачон турмуш қуришимиз ҳақида ҳам яхшилаб ўйлаб кўрганмиз. Оила қуриш борасида мен ҳам Фарҳод ҳам икки-уч йил ўйламай турамиз. Мавриди келиб қолар.   

Фарҳод: Одатда, атрофдагиларингиздан кўпроқ нималарни кутасиз? 

Ширин:  Эътибор ва меҳр. Эътибор деганда ҳамма менга чиройли қиз экан деб ҳавас билан қараши эмас, аксинча эркаклар томонидан бериладиган ҳурмат ва эътибор. Мисол учун автомобилга борганимда эшикни очиб қўйишлари, столга ўтираётганимда қарашишлари... 

Фарҳод: Бўлди-бўлди ҳаммасини биламан, буни бошқалар билмай қўяқолсин! 

Ширин:  Худди мана шуларни эътибор сифатида амалга оширишларини истайман. Ўзим ҳам ҳаммага эътиборли бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки сиз қандай муносабатда бўлсангиз у сизга ҳам қайтади-да. 

Фарҳод: Яхши, саволларим тугади. Энди мендан сўрайдиганларингиз бўлса марҳамат? 

Ширин:  Жуда соз, диққат билан эшитинг! Саволлар ёмғирини ёғдирмасамми. 

 

ФАРҲОДГА саволлар: 

Ширин:  Бордию, мен маълум сабабларга кўра ижодни тарк этиб қолсам, бошқа Ширин излайсизми ёки яккахон сифатида ижодни давом эттирасизми?

Фарҳод: Ҳали тарк этиш ниятингиз ҳам борми?! 

Ширин:  Агарда, бордию, деяпман-ку. Шунақа бўлиб қолганида?

Фарҳод: Ҳа, яхши, энди ҳар бир инсон тақдир йўллари алоҳида бўлади. Агар шундай вазият бўлиб қолганида ҳам мен бошқа Ширин тополмасдим. Топганимда ҳам олдингидек ижод қила олмас эдим. Чунки халқ бизни гуруҳ сифатида қабул қилмади. “Фарҳод ва Ширин” алоҳида шахс сифатида таниди ва ҳар биримизга мухлислик қилди. Аввало, умрбод бирга ижод қилиш насиб этган бўлсин, ширин бунақа совуқ ният қилманг, саволларингиз бошиданоқ мени чўчитиб қўйдингиз.  

Ширин: Ҳали ҳаммаси олдинда. Шундоғам билардим бошқа Ширин топа олмаслигингизни. Сиз жуда жаҳилдорсиз, баъзан керагидан ортиқ ёки адашдимми?

Фарҳод: Иш борасида, ижод жараёнида ҳеч кимга жаҳлимни кўрсатмаганман. Уйдагиларга жаҳил қилишим мумкин. Аммо ўзимни ҳамиша босиб олишга ҳаракат қиламан. Кейин микрофони пастроқ тутинг! Лабимга ёпиштириб қўяпсиз.

Ширин: Пастда тутяпман-у, баҳона қилмай тан олинг, сариқроқсиз, жағлингиз бурнингизни учида туради-ку?

Фарҳод: Тўғри жаҳлим тез, лов этиб ёниб кетаман-у, яна бироздан сўнг ўзимни босиб олиб, ўша инсонни хафа қилмасликка ҳаракат қиламан. Сизам жаҳилдорсиз, мендан қолишмайдиган даражада сизни сочингиз ҳам сариқ. Қорага бўяб олгансиз фақат. Ҳеч ким билмаса ҳам мен буни жуда яхши биламан.  

Ширин: Мана бўлмасам, яна жаҳли чиқди. Эътиборингиз учун сочим сариқ эмас, жигарранг! Қорага ҳамма бўяйди-ку. Яхшиси кейинги саволга ўта қолай. Қизларнинг умуман аёлларнинг эркалигини кўтарасизми?

Фарҳод: Ҳали эркалик қиладиган аёл ёки қизга дуч келмадим (лол бўлиб ўқрайиб турган Ширинга савол билан у ҳам ўқрайди). Хўп, ким менга эркалик қилди?!

Ширин: Ме-е-ен. Ёки эркалик қилишимни ҳисобга олмаяпсизми?

Фарҳод: Узр, ҳазил эди. Тўғрисни айтаман, кўтара оламан. Чунки оилада тўрта опам ва меҳрибон онам бор. Уларнинг инжиқликларини ҳамиша кўтариб келаман. Нима сўрашса ёки илтимос қилишсада уни бажо келтиришга ҳаракат қиламан. Чунки аёлларни кўнгли нозик бўлади, уларни эзозлаш керак. 

Ширин: Раҳмат, жентилменлигингизни билардим. Мендан оппоқ отдаги шаҳзода ҳақида сўрадингиз, ўзлари ҳам қандай маликани излаб юрибтилар?

Фарҳод: Мен қиз излаб юрганим йўқ. Хоҳлаганимда ҳам бунга имкон ва вақт масаласи халал беради. Бироқ шундай вазиятда келганимда бу масалада онамга ишонаман. Онам танлаган қизга уйланаман. Чунки биламанки, волидам танлаган қиз билан бахтли яшай оламан. Чунки ота-онагина фарзандига нима яхши ёки ёмонлигини чуқур англай олади. 

Ширин: Шу ерда алоҳида таъкидламоқчиман, холамга келин бўлган қиз мазза қилади. Чунки фазилатлари яхши, тушунган оқила аёллар. Кейинги савол, Ойбек сингари мен учун яккахон бўлиб бирор тарона куйласангиз бўлар экан?

Фарҳод: Ниятим бор, чунки менга Ойбекниг ўша таронаси жуда ҳам ёққан, ҳатто узоқ вилоятларга борганимизда мошинада ўтириб, тинглаб борамиз. Ҳақиқатдан дам олиб эшитадиган қўшиқ бўлган, нима дедингиз Ширин? Аммо, яккахон бўлиб қўшиқ айтиш ҳали режамизда йўқ. Чунки бунга ҳожат ҳам йўқ-да. Биздан кўпроқ дует тароналарни кутишяпти. Шунинг учун кейинги йиллардагина бу борада ўйлаб кўришимиз мумкин. Энди бу ёғини вақт кўрсатади. 

Ширин: Фарҳод аниқ биламан ўта рашкчисиз. Рашк ва рашкчилар борасида фикрингиз?

Фарҳод: Рашк бўлиши керак. Ҳақиқий эркакда, тўғри рашк бўлиши керак. Яъни асосли рашк бўлиши зарур. Рашк бу атайин қилинадиган туйғу эмас. Шунинг учун ҳар доим ҳам рашк қилавериб, барчага ғалати ёки кулгули туйиладиган ҳатти-ҳаракатлар билан рашк қилавериш даркор дегани эмас. Агар рашк қилишга асос бўладиган ҳолат бўлса, мана шундай пайтда эркак ўзининг кимлиги ва қандайлигини кўрсатиб қўйса бўлди. 

Ширин: Сир бўлган бошқа яна қандай маҳоратларингиз бор? Ман биламан, лекин ҳозирча кўпчилик хабардор эмас. 

Фарҳод: Тўғрисни айтсам, мутахассислигим аслида скрипкачи. Хонандаликдан ташқари скрипкада яхши куй чаламан. Мактабда ҳам, коллеж ва Консерваторияда ҳам скрипка йўналишида таҳсил олганман. Ҳатто, кўп бора танловларда иштирок этиб, Республика бўйича лавриат бўлганман. Шунингдек яна бир сирни очаман, айни дамда ўзимнинг шахсий бизнесимни йўлга қўйдим. Яъни шоу-бизнес оламида санъаткорларимизга турли хилдаги либосларни тайёрлаб берадиган тикув сехини ишга тушурганмиз. Насибага яраша ишларимиз яхши ўнгланиб кетяпти. Айниқса, сехимизнинг маликаси Ширинхон. Ҳозирча шу.

Ширин: Менинг қайси фазилатим сизга мақул келмайди?

Фарҳод: Хафа бўлманг-у, танқидни кўтара олмайсиз. Йўқ, танқид эмас, бирор ишни нотўғри қилган бўлсангиз агар ўшанда “мана бундай эмас, мана бунақа қилинг!” деб насиҳат қилсам сизга ёқмайди, ҳатто буни қабул қила ҳам олмайсиз. Менга эса худди мана шу фазилатингиз ёқмайди.

Ширин: Йўқ-йўқ, адашасиз ҳозир сизга буни тушунтириб бераман: Аслида ўша пайт сизни айтганингизни қилмай, инкор этганим билан кейинчалик унга амал қиламан. Фақат ўша пайтда оёқ тираб тураманда, ўзимни фикримда қолиб.

Фарҳод: Ҳа, мана билиб олдим сабабини. Ўзингизни мағрур тутар экансизда. 

Ширин: Шунақа, менинг ҳам саволарим тугади. 

 

ЛОЙИҲА ҲАҚИДА ХОЛИС ФИКР:

Фарҳод: Тўғрисини айтсам, менга лойиҳа жуда ёқди. Унинг илк иштирокчиси бўлганмиз ҳам бахт. Ўз навбатида “Popcorn.uz” сайтига алоҳида ташаккуримизни изҳор этамиз. Мухлисларимизга биз ҳақимизда антиқа суҳбат орқали қизиқарли маълумотларни етказаётганлари учун. 

Ширин: Ҳақиқатдан ҳам ҳали ҳеч қайси ОАВ да бундай суҳбат жараёнини бермаган эдик. Биз учун жуда қизиқарли ўтди, билмадим мухлислар буни қандай баҳолашар экан. “Popcorn.uz” сайтининг барча ходимларига омад тилаб, кириб келаётган Наврўз айёми билан қутлаб қоламиз. 

 

Эслатиб ўтамиз, тез орада Фарҳод ва Шириндан янги «Сенда менинг хаёлим» қўшиғига ишланган клип мремераси айнан бизда биринчилардан бўлиб тақдим этилади. Демак, кузатишда давом этинг! 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol