Отабек Мадраҳимов узоқ вақт санъат оламида кўзга кўринмади. Бунинг сабаби...

Сана: 23.08.2014 6908

90- йилларда ўзининг тароналари билан ёшларнинг қалбини забт эта олган, айниқса "Малика Будур", "Сени дейман", "Лола лола" қўшиқлари билан хит даражасига кўтарилган хонанда Отабек Мадраҳимов узоқ вақт санъат оламида кўзга кўринмади. 

Бунинг сабаби унинг мухлисларини анчайин қизиқтиргани сир эмас. Саволлар туғилди. Нимага? Нима учун? 

Албатта бу кўпчилик учун қизиқ эди, бугун мана шу саволларга ойдинлик киритдик.   

Отабек Мадраҳимов яқиндагина премьера қилинган "Азизам" деб номланган янги қўшиғи учун клип суратга олаётганидан хабар топишимиз билан хонанда билан суҳбатлашишни ният қилдик.

 

 

- Отабек ака, ижодингизда узоқ вақт танаффус қилдингиз. Бу орада сиз ҳақингизда турли миш-мишлар тарқалди. Улардан қай бирини ҳақиқатга яқин, дея оласиз?

- Сиз айнан қайси миш-мишни назарда тутиб айтаяпсиз?

- Хафа бўлманг-у, сизни гиёҳвандликка ружу қўйган, деган гаплар ҳам бўлган.

- Аввало, айтмоқчи бўлганим, одамлар гиёҳванд билан соғлом инсоннинг фарқига боришади. Бу гапларга мени танимаган, кўрмаганлар ишониши мумкин, аммо мени яқинларим, дўстларим яхши билишади, умуман гиёҳвандликка алоқам бўлмаган. Аслида, миш-мишларни уйда ўтириб, бошқаларни ҳурсандчилигини кўролмайдиганлар тарқатади, деб ўйлайман. Айниқса, мен тўғримда тарқалган гап-сўзларни эшитганимда шунча ғийбатлар кимга керак, деган ҳаёлга борардим. Ҳозир эса умуман аҳамият бермайман. Ўн беш йил давомида менга тақиқ қўйганлар ортимдан бўлар- бўлмас гаплар тарқатишди. Лекин, мен енгилмадим, тўхтаб қолмадим, доим интилдим, ҳаракат қилдим ва насиб бўлса ҳали енгилиш ниятим йўқ. Ўша бўҳтон гапларни, миш-мишларни тарқатганларни ва мени йўлимга тўсиқ қўйганларни кечирдим, уларга менинг ҳеч қандай ҳусуматим бўлмаган. Менга ёмонлик тилаганларга мен яхши ниятлар билан жавоб қайтара оламан, чунки бу дунёда ҳамма нарса ўзингизга қайтиб келади, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам.

- Аммо, ўтган вақт орасида ижоддан узоқда бўлиш ижодкор учун энг қийин жазо эмасми?

- Мен ҳеч қачон ижоддан йироқда бўлмадим. Ўтган ўн беш йил мен фақат санъат билан яшадим, ижод қилдим. Мени бошқа соҳага ўтиб кетган, деганлар ҳам учради. Йўқ, мен мутлақо санъатдан узоқлашмадим. Тўғри, баъзилар мени ижодимни синдиришга ҳаракат қилишди. Аммо, фойдаси бўлмади, мен экранларда кўринмаган бўлсам ҳам, фильмларда суратга тушдим, саундтреклар яратдим. Ўзимнинг содиқ мухлисларим учун қўшиқлар яратишда давом этдим. Бундан ташқари Ҳиндистон кино ва мусиқа олами вакиллари билан ҳамкорликда ишладим. Ҳинд киноактёри Митхун Чакраборти Ўзбекистонга менинг таклифим билан ташриф буюрганини кўпчилик яхши билади. Айнан ўзимнинг концерт дастуримга меҳмон сифатида актёрнинг уйига бориб, шахсан таклиф этганман. Концеримга қаршиликлар қилиниб, тўхтатмоқчи бўлишди ва  оҳир-оқибат у гала концертга айланиб кетди. Тадбирда Митхун Чакраборти мен билан дуэт ижро этдилар.  

 

 

 

- Бугун шоу-бизнесда турли йўналишда ижод қилаётган хонандалар жуда кўп. Қандай янгиликлар билан ижодингизни давом эттирмоқчисиз?

- Карвон кўп рисқи бўлак, дейишади. Мен ўтган вақт давомида экранларга чиқмаганнимга ачинмайман, бекорчи бўлмадим, халқнинг  хизматида бўлдим, ўзимга яраша ҳурматда бўлдим. Тўғри айтдингиз, бугун кўпгина гуруҳлар ва юлдузлар кўпайган вақт, лекин ачинарли тарафи айримлари бировнинг овози билан куйлашади. Устоз кўрмаганлиги уларни катталарга  бўлган муносабатидан билиш мумкин. Бизга устозларимиз, “Ўзингдан бир кун аввал саҳнага чиққан санъаткорни ҳам устоздек кўргин”, ҳурмат қилгин, деб ўргатишган. Ҳозир эса, тадбирларга борсангиз, катта санъаткорлар келганида ўрнидан туриб саломлашишга эринадиган ёш юлдузларни кўриб, очиғи ҳайрон қоламан. Улар аслида шон-шуҳрат нима эканини кўрмаганлар-да, деган ҳаёлга бораман. Нима ҳам дердим, барчаларига омад тилайман. Мухлисларим, мени санъатимга бефарқ бўлмаганлар учун янги альбомимнинг номини “Мен ҳали борман” деб номладим. Янги “Азизам”  номли қўшиғимга клип суратга олдик. Клипда икки юзга яқин раққосалар иштрок этишади.

 

 

 

Менинг таклифимга режиссёр Жасур Шаметов аввалига иккиланиб турганди, аммо мен амалга ошириш қийин бўлган нарсани юзага чиқаришга ҳаракат қиламан, дедим ва амалга оширдик ҳам. Уни тез кунда янги қўшиғимга олинган клипимни Popcorn сайти орқали мухлисларга тақдим этаман.

 

 

Катта концерт дастурига тайёргарлик кўраётган Отабек Мадраҳимовнинг келгусидаги ижодига омадлар тилаймиз.

 

 

 

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol