"Кўргим келади" фильмининг ёпиқ тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий кино саройининг VIP залида "Кўргим келади" фильмининг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.
Мазкур ёпиқ премьерага Оммавий Ахборот Воситалари ҳодимлари ташриф буюрди. "Ўзбекфильм" киностудияси томонидан суратга олинган фильм ҳаётий воқеаларни ўз ичига олган. Турли ҳаёт синовларига дуч келган аёл қисмати ҳақидаги фильм намойишидан сўнг саҳнага ижодий гуруҳ таклиф этилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларни йўллаб, уларга жавоб олдилар. Матбуот анжуманида сценарий, роллар, суратга олиш жараёнига алоқадор кўплаб саволларга ижодкорлар жавоб беришди.
Жавоҳир Қосимовнинг илк катта лойиҳаси журналистлар томонидан илиқ кутиб олинди ва ижобий баҳоланди. Кўпгина маҳоратли актёрларнинг истеъдодига яна бир карра тан беришди. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, фильмда бош ролларни Дилноза Кубаева, Сайёра Юнусова, Мубина Назирбоева, Ҳусан Жўраевлар ижро қилишган.
Фильмнинг сценарий муаллифи Мурод Муҳаммад Дўст ҳам саволларга жавоб йўллаб, бу сценарийни бир неча йиллар аввал ёзганини маълум қилди.
Фильмнинг очиқ премьераси 1-март куни соат 16:00 да "Киночилар уйи", соат 17:00 да Алишер Навоий кино саройида бўлиб ўтади.