“Япроғимиз азим чинорнинг”
26-27 сентябрь кунлари муҳташам “Истиқлол” санъат саройида Озодбек Назарбеков ва унинг шогирдлари иштирокида галаконцерт бўлиб ўтди. Озодбек Назарбеков шогирдлари даврасида, “Япроғимиз азим чинорнинг” деб номланган ушбу дастур кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Яқинлашиб келаётган устоз ва мураббийлар кунига бағишланган галаконцертда Озодбек Назарбеков саҳнада ўз шогирдларига дарс ўтди. Дарс давомида унинг шогирдлари ўз билими ва истеъдодларини тайёрлаб келган уйга вазифаси билан намоён этишди.
Унда ким кўчирмачи-ю, ким жонли ижрода куйлай олиши, беш баҳо олиш учун нима қилиш кераклиги, шунингдек жонли ижро ва фонограмма ҳақида бир қатор сир асрорлар маълум бўлди. Навбати билан шогирдлар ўз иқтидорини намоён этар экан, улар томонидан “устоз ҳам куйлаб берсинлар” деган таклифлар тушди.
Шунда Ўзбекистон ва Қорақолпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ўзининг дилтортар тароналарини армуғон этди. Дарс тугамасиданоқ мажлисга йўл олган устоз ўз ўрнига шогирди Алишер Файзга дарс ўтишини тайинлади.
Алишер Файз география дарсидан сабоқ берар экан, ўқувчиларни тинчлантира олмай, улар билан бирга устозлар кунига тайёргарлик кўришни таклиф қилди. Концерт дастурини устозлар қўшиғи билан барча шогирдлар якунлаб беришди.