Муниса Ризаеванинг мегашоуси яқин! Тайёргарлик авжида!
Ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи, ўзига хос овози, йўналиши, ижро услуби билан бошқа ҳамкасбларидан ажралиб турадиган санъатимизнинг олов хонандаси Муниса Ризаева яккахон концерт дастурига бор куч-ғайрати билан тайёргарлик олиб бормоқда. Ўткан йилги илк яккахон концертидаёқ барчани ҳайратлантирган хонанда бу йил ҳақиқий мегашоуни тақдим этади. Мазкур шоу дастурида уни биргина ўзига хос рақслари билан қайта кашф этасиз. Бугун биз айнан тайёргарлик жараёнига ташриф буюриб гувоҳи бўлганларимиз сўзимизнинг исботи бўла олади.
Хонанда маҳоратли хореограф, кўпгина хонандалардан рақс санъатидан ўз ёрдамини аямай кўмак бериб келаётган Наримон Григорян билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шунингдек концерт режиссёри Pустам Динамович хонанда билан елкама елка ишламоқда. Муниса Ризаева рақс, жонли ижро машғулотлари, янги қўшиқлар устида ишлаш - барчасига улгурмоқда.
Маҳоратли хореограф Наримон Григоряннинг сўзларига қараганда Муниса рақс ҳаракатларини тез ўзлаштириб олмоқда. У билан ишлаш жараёни жуда ҳам қизиқарли. Унинг ҳар бир сўзларига, топшириқларига масъулият билан ёндашиб, бор имкониятларини ишга солмоқда. Мазкур концертда у нафақат куйлайди. Балки ўзининг рақслари билан халқимизни хурсанд этади.
Концерт дастурида турли шоу дастурлари, ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган декорация, ноодатий имиджлар ва кутилмаган совғаларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Демак, ҳақиқий мегашоуга оз қолди. Хонандага омад тилаймиз ва янгиликлар ривожини кутиб қоламиз.