"Пайшанбадан пайшанбагача 2" картинасининг намойиши бўлиб ўтди
25-август куни пойтахтимизда жойлашган Алишер Навоий номидаги киносаройида Жавлон Шодмоновнинг навбатдаги фильмининг намойиши бўлиб ўтди. “Пайшанбадан пайшанбагача 2” деб номланган бу картина кўпгина кино ихлосмандларини қизиқтиргани ва мухлисларга манзур келгани аниқ. Кинокомедия намойишига ташриф буюрганлар ва улар томонидан билдирилган илиқ фикрлар сўзимизнинг яққол исботи бўла олади.
“Пайшанбадан пайшанбагача 2” фильмининг тақдимотини Зарина Низомутдинова ва Акбархўжа Расулов олиб борди. Ижодий жамоа анъанага содиқ қолган ҳолда, саҳнага таклиф этилди ва бирма бир таништирилди. Ана шундай сўнг узоқ кутилган фильм намойиши бошланди.
Мазкур кинокомедия тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, ундан томошабин ўзи учун керакли бўлган саволларга жавоб топади. Картина биринчисидан қолишмайди ва томошабинни кутилмаган кадрлари билан диққатини тортади. “Воқеалар ривожи қандай якун топаркин?” деган савол мухлисларни фильмни охиригача ушлаб туради. Кинокомедия намойишидан сўнг мухлислар фикрларига қулоқ тутдик:
Мафтуна: "Пайшанбадан пайшанбагача 2" киноси менга ёқди. Асосан актёрларнинг ижро маҳорати ва қизиқарли кадрларга бойлиги кўпроқ маъқул келди. Айниқса хуштак чалиб, ижро этилган саҳналарида мириқиб куласан киши. Оилавий келиб, томоша қиладиган кино бўлибди. Жавлон Шодмоновга омад тилаб қоламан.
Жавоҳир: Фильм яхши ишланган. Камчиликлари ҳам бор, бироқ, камчиликсиз ва хатосиз бирор иш бўлмайди. Картина муваффақиятли чиққан. Ижодкорларни табриклайман.
Эслатиб ўтамиз, бу фильм аллақачон томошабинлар қалбидан жой олган “Пайшанбадан пайшанбагача” кино асарининг давоми ҳисобланади. Бош ролларни барчамизнинг севимли актёрларимиз Муҳаммадисо Абдулхайиров, Фарҳод Абдуллаев ва Шукрулло Исроиловлар ижро этишган. Бундан ташқари, картинада Гулчеҳра Носирова, Ҳосият Ҳусанова, Муяссар Бердиқуловаларни ҳам кўришингиз мумкин.
Сценарий муаллифлари Қобил Самигов, Жавлон Шодмонов ва Жасур Шодмонов. Оператор Нусрат Ҳусанов, пардозчи ва рассом Азиза Ҳусанова. Илк намойишидаёқ кино ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотган “Пайшанбадан пайшанбагача” киносининг давоми яъни “Пайшанбадан пайшанбагача 2” картинасини томоша қилишга чорлаб қоламиз. Фильм ижодкорларига омад тилаймиз ва янгидан янги ижод маҳсулларини кутиб қоламиз.