"Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним”
Жорий йилнинг 19-21 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним” шиори остидаги "Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали ўтказилди.
Фестивал доирасида ўтказилган тадбирларда давлат мукофотлари, шу жумладан, Зулфия номидаги давлат мукофоти, "Ниҳол” мукофоти, "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йирик лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди.
Фестивалнинг сўнгги кунида Туркистон санъат саройининг ёзги саҳнасида тантанали гала-концерт дастури бўлиб ўтди.
Концерт давомида юртимиз мустақиликка эришгандан сўнг қўлга киритилган ютуқлар видеороликлар орқали катта экранда намойиш этилди. Ўзбекистонимизнинг келажак эгалари бўлган ёшларнинг кўзларида қувонч, шодлик, мамнунлик, ёрқин келажакка бўлган ишонч, қатъият, мағрурлик ҳисси акс этди.
Хонандалардан Рашид Холиқов, Улуғбек Раҳматуллаев, Райхон, Шаҳзода, Шоҳруххон, Умидахон, Жасур Умиров, "Элдидо”, "Божалар” , "Уммон” гуруҳлари ҳамда ёш ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади.
Концерт дастурини Нилуфар Сотиболдиева ва Жаҳонгир Позилжонов олиб борди.