Сарваранинг қалбга яқин қўшиқларини соғинганлар учун ҳушхабаримиз бор
Хушовоз хонанда Сарваранинг қалбга яқин қўшиқларини соғинганлар учун ҳушхабаримиз бор. Мухлисларини соғинган хонанда куз фаслининг илк ойида ўзининг “Соғинч” номли яккахон концерт дастурини ўтказишини эълон қилди. Муҳташам “Истиқлол” санъат саройида 7- сентябрь куни бўлиб ўтадиган катта концерт дастурида хонанда янги ижод намуналари билан бирга халқимиз қалбидан ўрин олган тароналаридан ҳам ижро этиш ниятида. Айни кунда бир қатор янги тароналар яратиш билан банд Сарвара деярли ҳамма вақтини овоз ёзиш студиясида ўтказмоқда. Бир хилликдан қочган ҳолда, турли шоир ва бастакорлар билан ижодий ҳамкорлик қилмоқда.
Таниқли бастакор Дилшод Аҳмадшоҳ билан ҳамкорликда “Билмас эканман” ва “Ота” композициялари, Мусахон Нурматов билан “Аёл” ҳамда “Мени кечир” тароналари устида ишламоқда. Сирожиддин Сайид қаламига мансуб шеър ва Фарҳод Абдуллаев мусиқаси билан яратилган “Ватан” номли қўшиқ эса юртимиз мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлади. Концерт дастурида албатта мумтоз тароналардан ҳам ижро этиш мақсадида бўлган Сарвара имиджини буткул ўзгартириш билан бирга, қўшиқлари мавзусига мос равишда либослар тайёрлатмоқда.
Навбатдаги концерт дастури Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аҳад Фармонов режиссёрлигида ташкил этилиб, созандалар гуруҳидан тортиб, саҳна декорацияларида ҳам ўзгача кўриниш бўлиши кутилмоқда. Яқин кунларда Сарварадан концерт дастури учун яратилаётган янги тароналар премьерасини қарши оласиз, ўтказиб юборманг.