Муҳаббатдан куйган ошиқнинг оҳлари акс этган тарона ва видеоклип!
Бугунги кунда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузларидан бирига айланган, ўз ўрни ва йўналишига эга бўлган хонанда Диёр Маҳкамов қизғин ижод билан банд! Кетма-кет янгиликларни тақдим этиш арафасида. Улардан бири, “Севар эдим” деб номланган тарона ва унга ишланган видеоклипдир. “Ўзбегим таронаси” радиосининг премьера лойиҳасида жаранг сочган бу қўшиқ тингловчилар томонидан илиқ қарши олинди. Тарона сокин ва сўзлари оғриқли бўлиб, хиёнат туфайли азобланган ошиқнинг ноласи қалбларни ларзага келтиради.
Бир замонлар севар эдим,
Сени мендек севар дедим ишондим...
Аввал хабар берганимиздек, бу қўшиққа видеоклип ҳам суратга олинган. Унга маҳоратли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлик қилган бўлиб, операторлик вазифасини Жаҳонгир Ибрагимов бажарган. Клипда бош ролларни Йигитали Мамажонов ва Юлдуз Ражабова ижро этишган.
Клипнинг сюжети муҳаббатга ошно бўлганларни ўйлантириб қўйиши мумкин. Алданган муҳаббатнинг қисмати, севги учбурчагида турган ошиқлар тақдирини ижодкорлар шундай яратишганки, уларнинг ижро маҳорати олқишларга сазовор бўлиши аниқ. Видеоклипнинг трек қисми ҳам эътибордан четда қолмайди. Табиатнинг кўриниши хазонга айланган мухаббатни ўзида акс эттирган. Минг бор гапиргандан кўра, бир бор кўрган афзал деганларидек, яхшиси мазкур тарона ва унга ишланган клипни сайтимиз орқали томоша қилинг. Ўз фикрларингизни ёзиб қолдиришни унутманг!
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Низомов сўзи билан яратилган “Севар эдим” таронасига Дониёр Агзамов композиторлик қилган.