Дилмурод Султонов ''Сизни соғинди юрак'' номли яккахон концерт дастури тафсилотлари
30-31 май кунлари ''Истиқлол'' санъат саройида бўлиб ўтган концерт дастури мезбони хоразмлик хонанда Дилмурод Султонов бўлди. ''Сизни соғинди юрак'' номли яккахон концерт дастурига хонанданинг мухлислари, хоразм санъати ихлосмандлари ташриф буюришди. ''Ўзбекистон'' номли қўшиқ билан бошланган дастур томошабинлар олқиши билан давом этди. Концерт учун тайёрланган репертуар асосан янги тароналардан иборат бўлиб, ҳар бир қўшиқ учун саҳналаштирилган рақслар томошабинларга завқ бағишлади.
Дастурда ''Ҳумо'' рақс ансамбли раққосалари ранг-баранг чиқишлари билан ўз санъатларини намоён этдилар.
Концерт дастурида хонанда саҳна ортига ўтганида, қизиқчи Маъмур Ҳолмедов латифа ва ҳангомалари билан мухлислар эътиборини ушлаб турди. Табассум ва кулгу улашган кичик саҳна кўринишлари, қўшиқлар учун тайёрланган саҳна чиқишлари эса Халимахон иштирокида бўлди.
Дилмурод Султоновнинг ёш умидли хонанда Гуласал Абдуллаева билан бирга куйлаган дуэт қўшиғи эса томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди. Хоразм наволари оғушида давом этган концерт ҳар бир санъат ихлосмандининг севимли қўшиғи бўлмиш ''Лазги'' билан якунланди.
Дастур аввалида хонанда саҳнага чиқишидан олдин устоз санъаткор Ортиқ Отажонов ёш хонандага ок йул тилаб дуо килганди. Ана шу дуолар руёби бўлса керак дастур муваффақиятли ўтди, десак муболаға бўлмайди. Биз эса ёш хонандани омадли концерт дастури билан муборакбод этамиз.
Фотолор муаллифи Тимур Кабуловга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз