"Уммон" мухлислари олдидаги имтиҳондан аъло даражада ўтди. Концертдан батафсил
27 май ''Истиқлол'' санъат саройи ёшларнинг энг севимли гурухларидан бўлган ''Уммон'' гурухининг мухлислари билан тўлди. Икки кунлик навбатдаги концерт дастурига катта тайёргарлик кўрган жамоа эса мухлислари олдидаги яна бир синов, ижодий имтиҳондан ўтдилар.Пардалар кўтарилиши билан раққослар гурухининг чиқишлари баробарида томошабинлар қарсақ чаларкан, ''Уммон'' йигитлари сахна марказида пайдо бўлиб гулдурос қарсаклар оғушида қолдилар.
Сокин тарона билан бошланган дастур ''Алвидо'', ''Ана энди йиғлама'', ''Сўрама'' каби композициялар билан давом этди. Кичик сахна кўринишини эслатувчи рақслар, сахнага олиб чиқилаётган декоратив реквезитлар ҳар бир таронанинг таъсир кучини ошириб, мухлисларга завқ бағишлади. ''Сен'', "Керакмас'', ''Ким дея'' каби қўшиқларни кетма- кет ижро этишаркан, томошабинлар қўлларини юқорига кўтариб, севимли тароналарини биргаликда куйлашди.
''Уммон'' йигитлари сахна ортига ўтишганида эса раққоса қиз фалсафий маънодаги рақси билан томошабинлар эътиборини ушлаб турди.
Иккинчи блок мусиқа садолари узилмаган ҳолда ''Шамол'' таронаси билан бошланди. Томошабинлар телефонлари чироғини ёқган ҳолда қўлларини кўтариб, бутун залда романтик кўриниш акс этди. ''Сен кечир'' таронасини эса икки гитара созандаси жўрлигида куйланди.
Йигитлар сахнага оппоқ атиргуллардан тузилган учта катта гулдасталар олиб чиқишганидаёк, хонандалар ўз яқинларига тақдим этишларини билиш мумкин эди.
Гурухнинг энг сўзга чечан аъзоси Жасур, бутун меҳрини бериб катта қилган онажонларини баъзан кўнглини тушириб қўйган вақтлари учун узр сураб, гулдасталарни тақдим этишганида томошабинлар тик турган ҳолда олқишлашди. Сўнгра сахнада Она образидаги актриса пайдо бўлиб, гурух репертуаридан алоҳида ўрин олган ''Она фарёди'' таронасини ижро этишди.
''Тола'', ''Эслаб кол'', "Ноз билан'', "Эй, синиорита'' каби тароналарни мухлислар сўзма-сўз ижро этишган бўлса, ''Қандай унутдинг'' композицияси жаранг сочиши билан бутун томошабинлар зали ўринларидан турган ҳолда жўр бўлиб куйлади.
Дастур давомида учта блок орасидаги икки қисқа танаффус раққосалар рақси билан уч дақиқа давом этди. Томошабин эса мутлақо бу танаффусни сезгани йўқ. Профессионал раққос ва раққосалар, катта монитор, декорация элементлари, ранг-баранг чироқлар концертни шоу дастурга айлантирди. Фан клуби аъзоларининг фаоллиги, мухлисларнинг ҳар бир таронага жўр бўлиши, сокин қўшиқларда кўз ёшлари билан бирга куйлаши, бутун залнинг олқишлар билан қўллаб-қувватлаши ''Уммон'' гурухига куч бағишлаб, қувонч ва бахт уммонида қолдирди.
Романтик кайфият, гоҳ сокин, гоҳ рақсбоп шўҳ қўшиқлар, гурух аъзолари сахнада ўзларини эркин тутишлари, қолаверса мухлислари билан жонли мулоқот концерт дастурини янада жонлантирди.
''Уммон'' гурухи концертнинг илк кунини кутилганидан аъло даражада тақдим этди, яъни синовдан энг олий баҳолар билан ўтди. Бу муносабат билан ''Уммон'' йигитлари Зоҳид, Жасур хамда Шоҳрухни табриклаб, концернинг иккинчи кунига хам муваффакиятлар тилаймиз.