''Ардоғимдасиз'' Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг яккахон концерт дастури тафсилотлари
Халқимиз томонидан интизорлик билан кутилган Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг бу йилги яккаҳон концерт дастурига старт берилди. 7 апрелдан 24 апрелгача давом этадиган дастур ''Ардоғимдасиз'' деб номланиб, бу санъаткорнинг мухлисларига бўлган юксак ҳурматини англатади.
Саҳнада катта монитор, созандалар гурухи жой олган бўлиб, раққосалар учун юқорида алоҳида сахна тайёрланган. Мониторда миллий миниатюра асарлари намойиш этилиб, илк тарона сокин оҳангларда янгради. Биринчи қўшиқдан сўнг Озодбек Назарбеков мухлислари билан саломлашгач, ташриф учун барчага миннатдорчилик билдириб, ҳар йили концерт тақдим этса-да, ҳар сафар хаяжонланишини алоҳида таъкидлади.
''Эй ёр'', "Кечиргин энди'', "Шайдо қилиб сен'' каби тароналар бирин-кетин янграркан, юқори саҳнада раққосаларнинг ранг-баранг рақслари дастурга ўзгача жозиба бағш этарди. ''Боғдодда нима гаплар'' ва ''Гул юз'' тароналаридан сўнг эса саҳнага кларнет созандаси чиқиб, мусиқа оҳанглари янграши билан мухлислар қарсаклар билан жўр бўлишди. Жаранг сочган мусиқа залда ўтирган деярли барча томошабинлар қалбидан жой олган, мархум санъаткор Муҳриддин Ҳоликов репертуаридан бўлган ''Ёдимда қол'' номли композицияси эди. Ўрта ёшли мухлисларга ёшлик йилларини, ёқимли хотираларини ёдига солган мазкур қўшиқ Озодбек Назарбеков ижросида қайта куйлангани уни умрбоқий тароналардан эканига далолатдир.
Қўшиқдан сўнг санъаткор, саксафон сопрано созандаси, яъни устози Муҳриддин Ҳолиқов билан бирга ижод қилган устоз созанда Искандар Муродов эканини айтиб, айни кунда Шамсиддин Ҳолмуродов билан бирга унга устозлик килаётганларини айтиб ўтди.
Огаҳий ғазали билан яратилган тановор йўналишидаги қўшиқ бошланиши билан саҳнага беқасам либос кийган раққосалар чиқиб ҳиром айлашди. ''Оёғингни қучиб йиғлагим келди'' таронасидан сўнг биринчи блок якунланиб, саҳнада кулгу устаси Аваз Оҳун таклиф этилди. Турли қизиқарли ва табассум улашувчи ҳангомалари билан барчага яхши кайфият улашган қизиқчи томошабинларни зериктирмади.
Иккинчи блок ''Девонангман'' таронаси билан бошланиб, сурҳонча ''Дўмбирам'' таронасига уланиб кетди. Қўшиқлар орасида Озодбек Назарбеков залда ўтирган бир санъаткорга кўзи тушдиб, уни сахнага таклиф этди. Бу опера санъати устаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женизбек Ниязов эди. Санъаткор ундан бирор ҳиргойи илтимос қилганида Женизбек ''Майсаранинг иши'' операсидаги чўпон ариясини ижро этди.
Шундан сўнг, ''Қорли-қорли'', "Онам борку қилиб турган дуолар'', ''Кўзларим йўлда'' ва ''Атиргул'' тароналари янгради. Ҳатто, томошабинлар залидан таклиф этилган ''Андижончасига'' таронаси ҳам репертуардан чекинган ҳолда ижро этилди.
Концерт давом этаркан, Озодбек Назарбеков саҳнага ёш ижодкор Рашодбек Агзамовни таклиф этиб, унинг ижодига бефарқ бўлмасдан, истеъдодига баҳо беринглар, дея мурожаат этди.
Саҳнадаги мониторда лолазорлар акс этиши ва сокин тарона жаранг сочиши билан мухлислар қарсаклар билан олқишлашди. Янграган ''Лола'' қўшиғи эса томошабинлар қалбини ларзага солди, десак адашмаймиз.
Дастур сўнгги ''Жонинг соғ бўлсин'' таронаси билан дастур якунланди. Санъаткорнинг мухлислари унга гулдасталар бериб, яна бир бор яқиндан кўришга ошиқишди.
Жонли ижро, маҳоратли созандалар гурухи, жозибакор рақслар, ранг-баранг чироқлар ва монитор узра намойиш этилган миллий арнаментлар, қўшиқлар мавзусига мос кадрлар навбатдаги концерт дастурининг илк кунидаёк катта таъассуротлар қолдирди. Зеро, олдинда ҳали бир неча кунлик дастурлар, янги ҳаяжон билан бирга яна бошқа кутилмаган ўзгаришлар, шунингдек мухлислар олқишлари кутмоқда.
Санъаткорнинг энг ҳаяжонли ва қувончли кунлари давом этаркан, унга куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилаймиз.
Фотолар муаллифи Тимур Кабуловга алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз