Лола бахт ва қувонч улаша олди

Сана: 24.01.2014 9704 қайноқ

Аслида баҳорнинг илк кунларида заминимизга ўзининг гўзаллиги-ю тароватини оз фурсатга намоён этадиган баҳор гули - Лолани биз қиш кунларида ҳам уйғониши ва ифор тарата олишига гувоҳ бўлдик. 

Лола ваъдасининг устидан чиқди. У бахт улаша олди... Тасаннолар бугун фақат Лолага! Офарин! Қиш фаслида уйғонган Лола концертида қалбларга баҳор нафасини олиб кирди. Ваъдасининг устидан чиқди дейишимизга сабаб концертдан аввал Лола ўтказган матбуот анжумани вақтида малакали режиссёрлар, раққослар билан ҳамкорликда тайёрланаётган концерт дастури умуман ўзгача тарзда ташкил этилиши ҳақида айтиб ўтганди. Ҳақиқаттан ҳам узоқ кутилган концерт барчанинг олқишлари билан бошланди. Аввало, декорация ҳақида алоҳида тўхталиш зарур. 218 метрлик экранлар умуман кутилмаган шаклда шундай жойлаштирилганки, коинот тасвирини эслатади. Саҳна декорацияси самолёт бортининг ўзгинаси. Тасаввур этяпсизми? Лола самолётда концертга кириб келди. Пардалар очилиши билан залнинг қўллаб-қувватлашлари-ю олқишлари илк навбатда кўзга ташланадиган декорация барчани лол қолдирганлигидан далолат берди. У саҳнада... Оппоқ бежирим ва гўзал либосда “Жоним соғиндим” дея куйлашни бошлади... 

Бежизга концерт айнан шу тарона билан бошланмаган бизнингча. Сабаби Лола мухлислар билан юзма-юз дийдорлашув соғинчини ушбу қўшиқ орқали ифода этган бўлса ажабмас. Ахир, бу дастур унинг учун узоқ кутилган ҳақиқий байрам эди. Дастур аввалида Лола ўз шодлигини ташриф буюрган меҳмонлар билан баҳам кўраётганлигидан, унинг байрамига томошабинлар ва мухлислар шерик бўлаётганидан беҳад мамнун эканлигини билдирди. Айтиш керакки, концерт вақтида ижро этилган тароналарнинг деярли ярми янги қўшиқлардан иборат бўлди. 

Кўпчилик меҳмонлар Лоланинг ва раққосаларнинг костюмлари дид билан танланганлигини эътироф этганлигини эшитдик. Ҳа, ҳақиқаттан ҳам саҳна учун мўлжалланган Лола учун махсус костюмлар ҳамда раққосаларнинг кийимлари ўзаро уйғун ҳолатда ишлангани чиқишларнинг янада гўзал ва ҳамоҳанг тарзда кечишига хизмат қилди. 

Одатда биз концертларга ташриф буюрганда, ҳонандаларнинг кийим алмаштириш жараёнини қайсидир меҳмон ҳонанда ёки сўз усталари чиқишига ўрганганмиз. Бу сафар эса умуман кутилмаган ечим топилгани барчанинг диққатини жалб этди. Концертнинг яна бир ўзгача тарафи (фишкаси) бўлди. Саҳнанинг олди тарафидан тепадан экран туширилиб, унда инсоннинг фақат силуэти тасвирланган видео тақдим этилди. Буни шунчаки видеоролик эмас, буни Лола ички дунёсининг кўзгуси сифатида эътироф этиш мумкин. 1-ролик орқали Лола ўз ёнингиздаги қадрдон одамингизни қадрига етишга, меҳрли бўлишга чорлади. Лирик чекиниш Лоланинг навбатдаги таронаси билан давом этди. Ана шу блокда Лола созандалар билан биргаликда жонли ижрода бир неча қўшиқларни маҳоратли тарзда ижро этди. Унинг нолалари юрак-қалбларга етиб боргани аниқ... Сир эмас, Лоланинг овозида ўзгача сеҳр бор, жонли ижрода эса бу сеҳр янада ўзгача жаранглади. Лолага ҳақиқий олқишлар олиб келган ҳам ана шу ижролар бўлди. Бундан ташқари, Лола концерт давомида бек-вокал жамоаси ёрдамида ҳам жонли ижрода қўшиқлар куйлади. 

Ҳар бир чиқиш учун саҳналаштирилган рақс эса томошабинларни ўзига мафтун этди десак хато бўлмайди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Айниқса, лирик чекинишдан сўнг, Лоланинг саҳнада раққосалар кийимида пайдо бўлиши ва ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган “Тановар”га профессионал раққосалар каби ҳис-туйғу, эҳтирос билан саҳнада бир ўзи рақсга тушиши кўпчиликни ҳайратга солди. Тўғриси бунақаси ҳали бўлмаган, бундай ҳолатда Лолани ҳали ҲЕЧ КИМ кўрмаганлиги аниқ. Яхшиси бу ижрони жонли равишда концертда кўришингизни тавсия этамиз, чунки қалбингиз алланечук ҳисларга тўлиб кетса ажаб эмас. 

Ҳа айтганча, концертда бизни яна бир нарса ўйлантирди (чунки бошқа концертларда бундай нарсани пайқамаганмиз). Концерт бошланишидан аввал залда ўтирганлар ҳайрон бўлишди. Бутун зални ёқимли лаванда ҳиди буркаб олганди. Атрофдагилар бир-бирига қараб, “Қаердан бунақа ширин ҳид келяпди?” деб шивирлашарди. Бу ҳушбўй ҳидни саҳнанинг қироличаси Лола таратаётганин кейин ҳамма пайқади. Бу ёқимли ҳид саҳнадан таралаётган экан. Буни қандай амалга оширишганин билмадик-у, лекин саҳнага тутун бериш вақтида бу ифор тутуннинг совуқ ҳарорати ва унинг баъзиларга ёқмайдиган ҳидини умуман сездирмади. Демак, бу ҳам концертнинг яна бир фишкаларидан бири. 

Ваъда қилинган 4 та блокнинг сўнггиси ҳақиқий байрамга айланди.

Нафақат Лола, балки концертга ташриф буюрган меҳмонларнинг аксарияти янада жонланди. Лола эса рақс ва қўшиқларни ўзаро мутаносиб тарзда чиройли ижро этди. Позитив табиатга эга Лола барчага позитив ва аъло кайфият улашди.

Концертни “Love me”  ва “Super love” тароналарисиз тасаввур қилиш қийин эди. Бу муҳаббат тарихи аллақачон барча учун таниш ва яқин. Ушбу муҳаббат тарихи қаҳрамонлари машҳур жуфтлик Асал (Лоланинг синглиси) ва Шоҳзамон ҳам саҳнага чиқишди. 

Бир сўз билан айтганда концерт ЮКСАК даражада. Чипта олишга улгурмаганлар шошилинг ва popcorn.uz сайти сизга ТАВСИЯ ЭТАДИ! Мароқли маданий ҳордиқ сизга кафолатланади. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol