Нафрат, ғурур ва муҳаббат тўқнашган фильм премьераси
20-февраль куни кўп сонли мухлислар томонидан интиқлик билан кутилган "Бу телба муҳаббат ёхуд Фарҳод ва Ширин" фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Муҳаббат туйғусига ўзгача назар ва муносабат акс этган картина "Киночилар уйи" ва Алишер Навоий номли киносаройида мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Фильмда муҳаббат туйғуси ғурур, қаҳрамонлар характеридан устун эканлиги илгари сурилган. Инсон ҳаёти ўз қўлида эканлиги ва бу ҳаётда тасодифлар шунчаки рўй бермаслиги каби фалсафий хулосалар ҳам жам бўлган бу картина бир қатор маҳоратли ва профессионал ижодкорлар гуруҳи томонидан тайёрланган.
Бош ролларда минглаб мухлисларнинг севимли хонандаси ва актрисаси бўлишга улгурган Лола Йўлдошева ва истеъдодли актёр Умид Искандаров талқин этган фильм эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳикоя қилади.
Муҳаббат эса нафрат, ғурур каби туйғулар билан биргаликд ўзгача ракурсда тасвирланган. Айтиш керак, Фильм премьераси аъло даражада, мухлислар олқишлари остида ўтди. Айниқса бир неча йиллардан буён кинода кўринмай қолган Лоланинг иштироки катта шов шувларга сабаб бўлди.
Картинани томоша қилган ҳар бир томошабин ўз ўрнида қўлланилган хазиллар, кескин қарорлар ва воқеалар ривожидан завқ олишди, десак хато бўлмайди. Барча ижодкорларни омадли премьера билан қутлаймиз!