Ойбек ва Нигорадан тақдимот
Ойбек ва Нигоранинг янги ижод маҳсули хонандаларга муваффақият келтирармикан? -деган саволга “Албатта” деб жавоб берамиз. Ахир қанчадан қанча меҳнат, ижод, иқтидор, ва асосийси меҳр муҳаббат жо этилган янги қўшиқ ва янги клип муҳлисларни беэътибор қолдирмаслиги аниқ.
Мусиқаси-ю матни Ойбекнинг қаламига мансуб бўлган “Кечир” номли тарона 22 январь куни “Ўзбегим таронаси” радиосининг “Премьера” лойиҳасида илк бор жаранг сочади. Тингловчиларда мазкур қўшиқни биринчилардан бўлиб тинглаб, биринчилардан бўлиб баҳо бериш имконияти бор.
Дарвоқе, қўшиқни тинглаётганда кўз олдингизда қандай воқеалар гавдаланади? Тасаввурларингизнинг клип сюжети билан ўхшаш томонлари бормикан? Бу саволларга 14 февраль куни Ойбек ва Нигоранинг тақдимот маросимида жавоб олишингиз мумкин.
Ушбу тадбирда Даврон Қобулов ғояси асосида ва Рустам Мелиев режиссёрлигида суратга олинган “Кечир” қўшиғининг видеоклипи ҳамда хонандаларнинг 7 йиллик ижоди давомида ижро этилган қўшиқлари мужассам янги альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади.
Тақдимот маросимига таклифномаларни яқин кунларда “Ўзбегим таронаси” радиосида ўтказиладиган викториналарда иштирок этиб қўлга киритишингиз мумкин. Клип эса бутунлай ўзгача кўринишга эга, яъни Ойбек ва Нигора ижодидаги янгилик ва катта ўзгаришдир. Уни тасвирга олиш учун ижодкорлар оз мунча тер тўкмадилар. Хатто қўрқув ва ҳавотирга дуч келдилар. Клипни суратга олиш жараёнида инсонни ҳавотирга соладиган воқеа рўй берди. Даврон Қобулов бассейнда сузадиган саҳнани амалга ошираётганида яқиндагина оёғи лат егани сабабли яхши ҳаракатлана олмаганидан сув юзига чиқа олмай қолди-ю беҳосдан чўка бошлади. Бу ҳолат барчани саросимага солиб қўйиб, хатто Ойбек қутқариш учун ўзини сувга отишга ошиқди. Яхшиямки сув ичида суратга олиш жараёни билан банд бўлган оператор йигит бор экан. У ижодкор чўкаётганини пайқаб, дарҳол ёрдам қўлини чўзди, уни сув юзига чиқариб олди. Бир зумга ҳавотирдан донг қотиб қолган атрофдагилар нима бўлганини англолмай ҳам қолдилар. Сўнг ҳаммаси жой-жойига тушиб, диллар қўрқувдан, юрак ҳаяжондан озод бўлди-ю осойишта қалб билан суратга тушириш ишлари давом этди. Мазкур жараён яхшилик билан ниҳоясига етганидан жуда ҳурсандмиз!
Ижодкорлар ҳаётига ҳаловат, мустаҳкам соғлиқ тилаймиз.