comedy.uz йигитларида оммавий уйланиш йилими?
Comedy.uz йигитларини гоҳ фильмлар премьералари, гоҳ концертларда учратамиз. Томошабинларга кулги улашишдан ташқари яна ўзларининг чеҳраларидан ҳам табассум аримайди-я. Ижодкорлардан бири Иноятилло Сатторов билан суҳбатлашиб, қувонч улашишга тайёргарлик жараёни қандай кечиши билан қизиқдик.
Унинг айтишича, резидентлар кўпроқ ҳаётий воқеалардан фойдаланишади ва қандайдир саҳна кўриниши тайёрлашдан аввал залнинг бош қаторларида ота-оналари ўтирганини тасаввур этиб кўрадилар. Ижод қилинган сўзларни ота-онага қарата айтолармиканлар, бачкана кўринмасмикан, худди шуларни ўйлаб сўнг бир қарорга келадилар. Ҳар бир жумлани обдон ўйлаб чиқадилар, ахир кимгадир салбий таъсир этмасин, нафсониятига тегиб кетмасин, кимнидир руҳан синдириб қўймасин дер эканлар-да!
Comedy.uz лойиҳаси ижодкорлари турли касбда иш фаолиятини олиб борсалар-да, ҳар куни соат 18 дан то 22 гача ўз офисларида йиғилиб, янги сценарийлар яратиш билан банд бўладилар.
Comedy.uzнинг бир неча ижодкорларидан иборат “Ҳасан ва Ҳусан триоси ҳамда бошловчи Дилшод Эргашев” номли лойиҳа ҳам мавжуд.
Унда Иноятилло Сатторов, Азамат Жалолов, Даврон Мухитдинов ва Дилшод Эргашевлар иштирок этади. Йигитлар 6, 7 февраль куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган Сардор Раҳимхоннинг “Танҳогинам” номли концертида иштирок этиш учун тайёргарлик кўряптилар.
Шунингдек, ижодкорлар 2014-йил "Соғлом бола йили”ни гуруҳлари ичида қўшимча “Оммавий уйланиш йили” деб эълон қилдилар.
Шу йили ижодкорлар кетма-кет оила қурар эканлар. Дарвоқе, маълумотларга қараганда ҳар бир ижодкорнинг тўйи турли қизиқарли саҳна кўринишларга, ажойиботларга бой бўларкан. Янги ҳаёт остонасига қадам босаётган ижодкорларга бахт, омад ва муваффақият тилаймиз!