Санъат аҳли учун байрамга айланган оқшом “Йил қўшиғи-2014”
Бугунги кун ўзбек эстрадаси тарихида муҳим аҳамиятга эга ва санъаткорлар учун ижодий байрам сифатида ёдда қоларли кун бўлди.Аввал хабар берганимиздек 29 январь куни мухташам “Истиқлол” санъат саройида, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида, Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан “Йил қўшиғи-2014” гала концертига старт берилди.
Халкимиз юрагидан жой олган, қалбларни нозик туйғулар сари етаклаган, кимларнингдир дардига малҳам бўлиб, яна кимларнингдир бахтига қувонч ва шодлик улашган тароналар орасидан энг саралари тақдирланадиган кун.
Қолаверса, нафақат санъаткорлар, балки қўшиқ яратилишида иштрок этган учликнинг энг муҳим бўлаги ҳисобланган шоирлар-у, бастакорларнинг меҳнати ва ижоди рағбатлантирилди.
''Йил қўшиғи-2014'' тақдирлаш маросими гала концерти аввалида, бутун инсоният қулоғига ўз она тилида чалинган илк қўшиқ, яъни ''Алла''ни Умидаҳон Ҳўжаева маромига етказиб ижро этди. Сўнг Жасур Умиров томонидан аскарлик ҳаётини тасвирловчи қўшиқ янграр экан, таронага ҳамоҳангликда саҳна кўринишлари намойиш этиб борилди. Кетма-кет эстрадамиз юлдузлари иштирокида қўшиқлар янгради.
Сўнгра, ўзбек эстрадаси ва кинофильмлари учун яратилган ретро тароналар ёш истеъдод вакиллари ижросида тақдим этилиб мониторда ''Маҳаллада дув-дув гап'', "Мафтунингман'', "Севишганлар'' каби кинофильмлардан лавҳалар бериб борилди. Олтин бисотдан жой олган мазкур ўлмас санъат дурдоналари болажонлар ва ёш ижрочилар томонидан куйланди.
Ва ниҳоят, концертнинг асосий қисми бошланди, яъни ғолиб тароналарнинг ижрочилари, шоир ва бастакорлар учун ''Йил қўшиғи-2014'' мукофоти ҳамда маҳсус дипломи тақдим этилди.
2014 йил энг хит бўлган, қалбга яқин қўшиқлар ва уларнинг ижрочилари билан танишинг.
Илк ғолиб тарона ''Афруз'' гурухининг "Лола" қўшиғи, дея эълон қилинди. Матн муаллифи Элдор Қаюмов, бастакор Жасур Бадалбоев. Мукофотни эстрамизнинг ёрқин юлдузи Лола топширди.
Сўнгра Лола ва Dj Piligrim жуфтлигида янграган ва хит бўлган ''Юлдуз'' дуэти. Сўзлари Dj Piligrim, мусиқаси Жасур Бадалбоев. Мукофотни Ўзбекистон халк шоири Иқбол Мирзо топширди.
Сардор Мамадалиевнинг ''Ажралишдик'' қўшиғи, шоир Исмоил Туҳташев, мусиқа муаллифи хонанданинг ўзи. Мукофотни Ўзбекистон халк артисти Зулайҳо Бойҳонова тақдим этди ва миллий қўшиқ билан концертни давом эттирди.
Абдурашид Йулдошевнинг ''Ёнар кўзларинг'' таронаси, Ботир Эргашев шеъри ва Мусаҳон Нурматов мусиқаси асосида яратилган. Ўзбекистон халк артисти Ғуломжон Ёқубов муборакбод этиб сўнгра ''Уйнаса'' қўшиғини ижро этди.
Гуласал Абдуллаева ''Так-тук'' таронаси, матни Рислиғой Ҳотамова, мусиқаси Насиба Усмоновага тегишли. Мукофотни Адҳам Солиев топширди .
Улуғбек Рахматуллаевнинг ''Кабутарлар'' қўшиғи, сўзи ва мусиқаси Алишер Тайрга тегишли. Мукофотни композитор Шуҳрат Зокиров топшириб, хонанданинг туғилган куни билан ҳам табриклашди. Совға сифатида Шуҳрат Зокиров ''Бир кам дунё'' мусиқасини жонли равишда рояльда ижро этди. Машҳурбек ва Шаҳзода Муҳаммедовалар қўшиқ сўзларини ёдга келганича жонли ижро этишди. Саҳнадаги импровизатцияга томошабинлар жўр бўлишди.
Умидаҳон Ҳўжаеванинг ''Кел ярашайлик'' хит таронаси, сўзи Элдор Қаюмов, мусиқа Жасур Бадалбоев. Шуҳрат Воҳидов мукофотлади.
Сардор Рахимҳон ''Маликам энди кара'' қўшиғи, Бобур Бобомурод шеъри, Аҳмаджон Ҳожиматов мусиқаси учун тақдирланишди. Сардор саҳнага бастакорни чақириб мукофотнинг асл эгаси у эканини айтиб, устозим, дея таништирди.
Муниса Ризаеванинг ''Ёрим'' таронаси, сўзи ва мусиқаси Элдор Қаюмовники. Мукофотни Ўзбекистон ҳамда Қоракалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков топширди ва ''Ҳай, майли'' қўшиғини ижро этди.
Мансурҳон Нурматовнинг ''Жамолинг зиёси'' қўшиғи, шоир Азиз Жўрабоев, бастакор Азиз Ҳудойқуловлар тақдирланди. Хонанданинг ўзи маълум сабаблар билан ташриф буюролмагани учун мукофот шоир ва бастакорга топширилди.
Концерт сўнггида барча совриндорлар ижросида ''Йил қўшиғи'' гимни янгради.
Кеча номзодларнинг ўнтасига мукофотлар тақдим этилган бўлса, бугун қолган яна ўнтаси ўз эгаларини топади.
Мазкур концерт дастури, санъат аҳли учун байрамга айланган оқшом, ғолиблар учун ҳаёти ва ижодидаги муҳим аҳамиятга молик кун сифатида ёдда қолади. Кузатиб боринг ''Йил қўшиғи-2014'' мукофоти совриндорлари ва концерт дастурининг тўлиқ тафсилотлари билан таништириб борамиз.