Гулсанам Мамазоитованинг концертида қувноқ қўшиқлар ёғдуси
Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова 29-30-31 январь 1-2 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини ўтказишини маълум қилган эдик.
Хўш, мухлислар ушбу концертдан нималар кутяптилар? Аввало шуни айтиб ўтайлик, концерт дастурида юмшоқ ўриндиқларда ўтираман дея ҳаёлингизга ҳам келтирманг. Ахир бу галги концертда қувноқ қўшиқлар кўпроқ ижро этилади ва ўзингизни рақсдан тўхтатиб қолишингиз қийинроқ кечадими деймиз-да.
Маълумотларга қараганда, декорация ҳам ўзгача бўларкан, яъни вақти-вақти билан саҳна кўриниши ўзгариб туради ва томошабинлар ўзларини гўёки турли-туман оламлар аро сайр қилаётгандай ҳис этар эканлар. Ранг-баранг ўзгариб турадиган декорацияни тасаввур этиш бироз қийинроқ. Саройга ташриф буюриб, барини ўз кўзларимиз билан кўришга ҳамда 100% жонли ижрони тинглашга нима ҳам етарди.
Шу билан бирга аниқлашимизча, концертга ташриф буюрган муҳлислар спектакль намойишидан ҳам баҳра олишлари мумкин экан. Қандай томоша ва кимлар иштирокида эканини вақти соати келиб билиб оламиз.