"Аъло" гуруҳи қизлари қаерда?

Сана: 13.01.2014 5670

Сўнги бор “Мен биларман” номли таронасини куйлаб, ёр туйғуларидан хабардорлигини билдирган “Аъло” гуруҳи айни кунларда қандай янгилик яратаётгани билан қизиқдик. 

Нега аввалгидей кетма-кет янги тароналаридан баҳра олмаяпмиз деган савол ҳам муҳлислар томонидан жаранг сочди. 

Аниқлик киритамиз. “Аъло” гуруҳи айни кунларда “Немая любовь” номли тарона яратаётган экан. Рок услубида ижро этилган мазкур қўшиққа клип ҳам олиниш тараддудида. Унда уччала қизнинг ариқ бўйида эмас, балки тоғ ёнбағирларида рок услубдаги қўшиқ ижро этаётганини кўришингиз мумкин. Бу гуруҳ ижодкорларининг ниятларидан бири. Яна бир ният хоразмча қўшиқ куйлашдан иборат экан. Гуруҳ аъзоларидан бири Валериянинг сўзларига қараганда, унинг клипида 30 нафар раққоса хоразмча рақсни муҳлислар эътиборига ҳавола этади. Шунингдек, янги альбом чиқариш устида ҳам фаолият юритиляпти. Бунинг учун яна бир неча қўшиқ яратилиши кераклигини бизга маълум қилдилар.

Қўшиқ яратишдан ташқари Альбина, Валерия, Кристина ҳафтасига 2 маротаба вокал, 2 марта актёрлик маҳорати, 2 марта рақсдан сабоқ олар эканлар. Хўш, шунча вақтни биргаликда ўтказадиган қизлар ўртасида тортишувлар бўлмайдими, дерсиз. Бўлади, фақат ижод жараёнида. Ахир ҳар бир ижодкорнинг ўз ғояси, ўз фикри, истаклари бор. Аммо ана шундай тортишувлар пайтида кўпни кўрган устоз санъаткорлар тўғри йўл кўрсатадилар-у ижодкорлар бир ёқадан бош чиқариб маълум бир тўхтамга келадилар.

“Қизларга ўзбек тилида қўшиқ ижро этиш қийин эмасми?” - деб сўради тингловчилардан бири. Билишимизча Альбина ўзбек тилини сувдек ичиб олган, Кристина билан Валерия ҳам бемалол сўзлаша оларкан. Аммо шунда ҳам ҳар бир қўшиқ матнини яхшилаб ёд олиб, тўғри талаффузини аниқлаб , керакли одамлар билан маслаҳатлашиб сўнг куйлар эканлар.

2005 йилда ташкил топган “Аъло” гуруҳида шу пайтга қадар 10 дан зиёд қизлар ўзларини ижод томонлама синаб кўрган экан. “Хадеб қизлар ўрни ўзгарганига нима сабаб бўлиши мумкин?”, -дея савол берганимизда, бизга “Тузган шартномаси тугаган бўлса ўрни алмашади. Баъзилари турмуш қуриб, гуруҳни тарк этганлар”, - деган жавоб келди.

“Аъло” гуруҳининг ижодкори Валерия:

«Мазкур гуруҳ биз учун ижодий катта мактаб. Биз унда турли босқичлардан ўтиб, ўзимизни синаб кўрамиз. Биз алоҳида алоҳида эмас, балки бир-бирини тўлдириб турадиган ижодкорлармиз. Шунингдек, ижодимиз, услубимизда янгилик яратишни хуш кўрамиз. Ўзаро муносабатлармизга келсак, жуда иноқмиз. Ишдан ташқари биргаликда сайрга чиқиб, қаҳвахоналарда суҳбатлашамиз. Тўғри, баъзан турли майда-чуйда тушунмовчиликлар бўлиб туради, бироқ бир-биримизга ён босишга ўрганиб қолганмиз. Ахир ахиллик бўлсагина, ижодда муваффақият қозониш мумкин.”

“Аъло” гуруҳидан янада аъло янгиликларни кутиб қоламиз.

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol