"Етарди" таронасининг қайта жонлангани Қиличбек Мадалиев ижросида
Водийлик санъаткорлар орасида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган Қиличбек Мадалиевни марҳум отаси Оҳунжон Мадалиевга муносиб издош сифатида кўришади. Унинг ўзига хос овози ва яратаётган қўшиқлари асл мухлислари қалбидан жой олган.
Хонанда янги йил арафасида янги видеоклип яратиш билан банд экани маълум бўлгач, у билан боғландик.
Қиличбек Мадалиев:
- Болалигимдан отамнинг “Етарди” номли қўшиғини кўп тинглардим. Унинг оҳанглари мени ўзига ром этганди. Таъсирли ва маъноли сўзлари, оҳанги, ижросини бошқача ҳис этардим. Бир кун санъаткор бўлганимда шу қўшиқни қайта ижро этаман, деб ният қилгандим ва бу мақсадим амалга ошди.
Шуҳрат Аҳмедов қаламига мансуб шеър ҳамда Оҳунжон Мадалиев мусиқаси билан яратилган мазкур тарона учун 9999 студияси томонидан режиссёр Ҳуршид Собиров бошчилигида видеоклип суратга олинди. Сюжет жанрида тасвирга олинган клипда актриса Муқаддас Саъдуллаева ҳамда Қиличбекнинг ўзи бош ролларни ижро этишган. Тез кунда янги клип премьерасини сайтимиз орқали томоша қилишингиз мумкин бўлади.