Ўзбек кино оламида яна бир комедия яратилди
Бугун оилавий комедия жанрида тасвирга олинган "Югурганники эмас, буюрганники" номли фильми кино санъатимизда янги ижодий иш сифатида кириб келди.
Алишер Навоий номли кино саройида бугун айнан мазкур картина илк марта томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Катта ижодий жамоанинг меҳнати асосида яратилган фильм премьераси муносиб тарзда тақдим этилди.
Одатга кўра саройга ташриф буюрган меҳмонларнинг кўнглини ва кайфиятини кўтариш учун санъаткорлар ҳам таклиф этилди. Даврани эса сўз устаси Валижон Шамшиев олиб борди. Унинг ўз ўрнида қўллаган ҳазиллари барчага яхши кайфият улашди.
Саҳнада хонандалардан аввал гимнастикачилар, акробатлар ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Шундан сўнг саҳнага бирин-кетин ёш хонанда Жаҳонгир, "ЭлДиДо" гурухи сахнага чиқиб, шўх тароналари билан кўтаринкилик баҳш этишди. Ва ниҳоят кутилган онлар келиб, саҳнага фильм ижодкорлари таклиф этилди.
Айтиш керак, картина режиссёри Зафар Аскаров бўлиб, бу унинг илк катта лойиҳаси ва илк режиссёрлик иши ҳисобланади. Машҳур клипмейкерлардан бири Жонрид Сагдиев фильмда постановкачи оператор вазифасини бажарган.
Шерзод Ўлмасов сценарийси асосида яратилган картинада маҳоратли актёрлар - Матёқуб Матчонов, Ҳосият Ҳусанова ва ёш актёр Асқар иштирок этган.
Шу ўринда айтишимиз зарур, айнан бугун "Узбегим Таронаси" радиосида картина бош ролларида қатнашган Ҳосият Ҳусанова ва Асқар иштирокида интервью ташкил этилди. Суҳбат давомида фильм ҳақида қизиқарли маълумотлар, суратга олиш жараёнидаги турли вазиятлар ҳақида ҳам тўҳталиб ўтилди.
Картинанинг премьераси эса кутилганидан-да аъло тарзда ўтди. Томошабинлар фильмни олқишлар билан кутиб олишди. Комедия жанрида бўлса-да, картина тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан ҳам эътиборга тушиши, шубҳасиз. Пойтахтимиз кинотеатрларида мазкур картинани томоша қилишингизни тавсия қиламиз.