“Серенада” ижод гуруҳи... Бутунлай жонли ижрода бўлиб ўтган концерт... “Бу ҳақиқий байрам”
10 ноябрь “Истиқлол” санъат саройи яна муҳлислар ва томошабинлар билан лиқ тўлди. Гуруҳлар ичида яққол кўзга кўринган, жонли ижрони эса маромига етказиб куйлайдиган ва ўз муҳлисларига эга бўлган “Серенада” ижод гурухи “Бу байрам” дея барчани ўзининг илк яккаҳон концерт дастурига чорлади.
Зал томошабинлар билан тўлди, пардалар очилиши билан саҳнадаги катта мониторлар, ранг-баранг чироқлар ва энг асосийси саҳнадаги ўзига яраша файз ўтирганларнинг эътиборини тортмасдан илож йўқ эди.
Дастур жонли ижрода бошланиб, саҳнада куйланаётган тароналарга залда ўтирган томошабинлар жўр бўлишни бошладилар. “Серенада” ижод гуруҳи бу йил жуда сермаҳсул ижод қилиб ўзининг энг сара қўшиқларини айнан яккаҳон концерти учун тайёрлаганининг гувоҳи бўлдик. Концертда жами 23 та қўшиқ ижро этилиб нафақат ўзбек тилида балки инглиз, испан, рус ва яна бошқа тилларда ҳам тароналар куйланди.
Барчага яхши таниш бўлган “Мажнунтол”, “Олмача”, Қуралай” ва Ёр-ёр” тароналари эса янгича талқинда муҳлислар ҳукмига ҳавола этилди. Айниқса дастурдан ўрин олган “Анҳор бўйида” деб номланган қўшиқ йиғилганларнинг болалик, ёшлик дамларига бир муддат чорлагандек бўлди гўё.
“Серенада” ижод гуруҳи йигитлари дуэт тароналарини куйлаш мақсадида саҳнага истеъдодли ҳонанда Умидахонни таклиф этишганида залдаги қарсаклар тинмади.
Дастур, она диёримиз, она тупроғимиз қанчалар азиз эканини тараннум этувчи “Ўзбекистон” қўшиғи билан якунланиб томошабинни юрагидаги Ватанга бўлган муҳаббатини янада жонлантириб юборди.
Концертнинг бошидан оҳирига қадар бутунлай жонли ижрода куйланган тароналарни тинглаган муҳлислар ҳақиқий маънода маънавий ҳордиқ олдилар десак адашмаган бўламиз.
Ўйлаймизки “Сернада” ижод гуруҳи ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Муҳлислари ва тингловчилари учун юракдан, қалбдан ҳониш қилиб “Бу байрам” дея ҳақиқий шодликни улаша олдилар.