Бунёдбек Саидовнинг Тошкентдаги имтиҳондан аъло баҳога ўтди
“Хоразм юлдузи” дея таърифланувчи хонанда Бунёдбек Саидов Тошкентда ҳам анча машҳурликка эриша олган. 19-20 июнь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган 2 кунлик концерт дастури омадли ўтди.
“Юрагим сизда” дея ном олган концерт дастури аншлаг тарзда ўтганини таъкидлаш зарур. Яна бир жиҳати шундаки, концерт дастури одатдаги концерт дастури регламенти каби 1,5 соат эмас, балки анча вақтга чўзилди.
Асосийси эса меҳмонлар концерт охиригача зални тарк этишмади, яъни улар зерикишга улгуришмади. Концерт шу кунларда радиолар орқали жаранг сочаётган “Унут” номли қўшиқ билан бошланди.
Шундан сўнг жонли ижрода янграган хоразмча тароналар меҳмонларни рақсга чорлади. Кутилмаган дуэтлар эса дастурга янада файз киритди. Илк дуэт Манзура билан янграб, мухлислар учун туҳфа бўлди.
“Дастингдан” дея ном олган жўшқин тарона рақслар билан ҳамоҳанг меҳмонларга яхши кайфият бағишлади. Иккинчи блок миллий Хоразм навоси билан янграган жонли ижродаги дуэт билан бошланди.
Хоразмнинг яна бир хонандаси Ҳулкар Абдуллаева билан куйланган дуэт концертга ҳақиқий Хоразм нафасини олиб кирди.
Бундан ташқари, концертдаги яна бир ёрқин лаҳзалардан бири бу кўплаб тароналар учун махсус тайёрланган саҳналар бўлди.
Элимиз севган актёрлар ва актрисаларимиз иштирокидаги чиқишлар меҳмонлар учун ҳам завқ бағишлади.
Концерт вақтида Бунёдбек Саидов яқин дўстларидан бирининг хотирасига қўшиқ ҳам куйлади. Бахтсиз ҳодиса туфайли бир неча ой аввал ҳаётдан кўз юмган дўстининг ўғли Дониёр билан жонли ижрода куйланган қўшиқ сўзлари билан келган ҳар бир меҳмоннинг юрагига таъсир этиб, кўз ёш тўкишга мажбур этди.
Дониёр ҳам ўз отасига бўлган соғинчини яширолмай, саҳнанинг ўзида йиғлаб юборди...
Концерт давомида шунингдек, Дилноза Исмияминова билан ҳам Хоразм шевасида эр ва хотин ўртасидаги рашқ мавзусига бағишланган ва бироз хазиломуз тарзда яратилган дуэт ижро этилди.