Равшан Намозов ижодининг 35 йиллик юбилейи бўлиб ўтди
30-январь куни пойтахтимизда жойлашган кўркам масканлардан бирида Равшан Намозов ижодини 35 йиллик юбилейи ҳамда ижодга қайтгани муносабати билан кутилмаган юлдузли кеча уюштирилди. Мазкур кечада хонанданинг энг яқин дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари мухлислари ва ОАВ вакиллари қатнашишди.
Мазкур тадбирга ташриф буюрганлар Равшан Намозов ижросида унинг репертуаридаги энг сара қўшиқлардан баҳра олишди. Шу билан бирга хонанда ўзининг янги тароналарини ҳам тақдим этди. Меҳмонлар хонандага жўр бўлиб, унинг қўшиқларини биргаликда ижро этишди. Равшан Намозовнинг шогирди Муниса Ризаева ҳам шу куни устозини қўллаб-қувватлади. Қолаверса, унинг ижодидаги бир неча композицияларни биргаликда ижро этди.
Тадбирда устоз санъаткорлар ҳам ўз маҳоратларини намоён этишди. Кумуш Раззоқованинг чиқиши эса барчани янада хушнуд этди. У Равшан Намозов билан бирга ёшлик даврларини хотирлади.
Кеча кутилганидан ҳам файзли ўтди десак муболаға бўлмайди. Чунки ташриф буюрганлар жонли ижро, дийдор, севимли санъаткорга бўлган меҳр, мухлисларга бўлган муҳаббатдан баҳра олишди. Биз Равшан Намозовга улкан ижодий парвозлар тилаймиз ва янги қўшиқларни кутиб қоламиз.