Замон гуруҳи ижодкори саволлар гирдобида.
Сокин, маъюс тароналар ҳаёллар оғушига чорлайди. Қалб туйғуларини янада тўлқинланишига сабабчи бўлади.
Асосан ана шундай дилором қўшиқларни ижро этувчи “Замон” гуруҳи ижодига янгилик киритди. Гуруҳ хонандаси Шоҳруҳ Жўраев куйлаган Dance Dubstep услубидаги рақсбоп тарона тайёр бўлиш арафасида. Аранжировкасини Фазлиддин Хожиниёзов тайёрлаган, мусиқасини ижодкорнинг ўзи Шоҳруҳ ҳамда Раҳматжон Шоабдурасулов томонидан яратилган қўшиқнинг номини ҳозирча айтмаймиз, бироқ куй садоси остида рақс майдончасига йўл олишингизни аниқ биламиз.
Матн муаллифи ҳақида ҳам қисқача маълумот берсак. Бир неча йиллар аввал Ойбек ва Нигора, Зиёда каби хонандаларга шеърлар ёзиб, хит қўшиқлар яратилишига кўмакдош бўлган Зуҳра Қодирова эндиликда “Замон” гуруҳига ҳам ижод маҳсулини йўлламоқда. Зуҳра айни дамда океан орти Нью Йоркда таълим олиш билан банд бўлсада, қалбининг бир бўлагини, яъни шеърларини хонандаларга юборяпти.
Юракка яқин сўзлар ва дилдан янграган новолар билан янгилик яратаётган Шоҳруҳ муҳлислардан келган саволларга жавоб беришга ҳам улгуряпти. Кун давомида қанчадан қанча саволлар: “Неча ёшдасиз?”, “Севимли рақамингиз?”, “Уйланганмисиз?”... Аммо саволлар ичида хонандани хайрон қолдиргани ҳам бор. Ижодкор яқиндагина “Шоҳруҳ сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим. Сиз юзингизни пластик операция қилдирганмисиз?” саволини қабул қилди. Бу саволдан тажжубланган хонанда қисқагина “Йўқ” деб жавоб берди. “Замон” гуруҳининг савол йўллайдиган, қўшиқларни баҳолайдиган, сўзлари билан кайфиятни кўтарадиган ва олқишлайдиган муҳлисларининг сони янада ошишини тилаб қоламиз.