Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон ҳалқ артисти Ғуломжон Ёқубовнинг ''Сени қумсайман'' деб номланган концерт дастуринининг тафсилотлари
Баҳорнинг илк куни, барчамиз соғиниб кутган кўкламнинг бошланиши, яшариш фасли кириб келди. Айнан шу кун Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон ҳалқ артисти Ғуломжон Ёқубов учун аҳамиятли бўлиб санъаткор ўзининг навбатдаги ''Сени қумсайман'' деб номланган катта концерт дастуринининг илк кунини ўтказди. Концертга ташриф буюрганлар нафақат ёши улуғ мухлислар, балки турли ёшдаги томошабинларни ташкил этди.
Бу йилги дастур ҳар доимгидан ўзгача бўлиши кутилаётганди, айнан шундай бўлди ҳам. Пардалар очилишидан аввал Comedy.uz резидентлари кутилмаган чиқиш қилиб концертни очиб бердилар. Пардалар кўтарилиши билан томошабинлар нигоҳи саҳнадаги раққосалар, катта созандалар гурухи, ва сахна марказидаги катта мониторга тушди.
Катта экранда юртимизнинг гўзал гўшалари акс этар, Ватанни тараннум этувчи шеърий монолог остида мусиқа садолари янгради, раққосалар жонланиб, улар орасидан дастур мезбони Ғуломжон Ёқубов чикиб келди. ''Ватан'' қўшиғи сўнггида экранда Ўзбекистон ҳалқ артисти Обид Юнусов намоён бўлиб, юрт ҳақида қисқа шеърий мисралар ўқиди.
Мухлислар билан саломлашиб, ташриф учун миннатдорчилик билдирган санъаткор кетма-кет янги қўшиқларни ижро этди. ''Ёндирди", "Ҳўп, демасанг бўлмайди'', "Ҳижронингда'' каби тароналар янграркан рақсларни бир-бирига улаб раққосалар ҳиром айлашди.
''Кулишларингдан'' қўшиғи дастурнинг энг кутилган ва мухлислар қалбидан жой олган таронаси бўлди.
Comedy.uz резидентлари қизиқарли ҳазиллари билан томошабинларга табассум улашганидан сўнг иккинчи блок бошланди. ''Севармидинг'', "Тонг отар'', "Кўз-кўз қилиб'', "Она'' каби янги қўшиқлар ва уларга саҳналаштирилган рақслар билан дастур ранг-баранг ўтди.
Дастурнинг яна бир ёркин таассуротлари эл суйган хонанда Алишер Рўзметов билан бирга ижро этилган ''Ёр экансиз ўйласам'' ҳамда ''Афруз'' гурухи билан куйланган ''Дилором'' дуэтлари бўлди. Санъаткор бу йил ''Дилором'' таронаси яратилганига 20 йил бўлгани ва шу кунга қадар мазкур қўшиқ ҳали ҳамон тингловчилар томонидан севиб тингланаётгани ҳақида маълум қилди.
Дастур давомида қорақалпоқча, хоразмча ва бошқа шўҳ тароналар янграб, раққосаларнинг рақслари қалбларни ҳушнуд этди.
Концерт якунида ватанпаварлик руҳида яратилган, юртимиз тинчлигига шукроналик ҳиссини уйғотувчи композиция янгради.
Баҳорнинг илк куни Ғуломжон Ёқубовнинг мухлислари учун катта байрамга айланди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бўлиб ўтган концерт дастури энг ёрқин таъассуротларга ва ширин хотираларга бой бўлди.