Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳақида ҳужжатли фильм олинади
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Sinema Servis” МЧЖ томонидан янги “Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова. Сен томон талпинар юрак” номли ҳужжатли фильм суратга олинади.
Мазкур кинокартина Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва унинг рафиқаси таниқли шоира Саида Зуннунованинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, асосан 1950-1955 йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Унда севги ва садоқат, маънавий баркамоллик ва эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозониши каби ғоялар сингдирилган.
Сценарий муаллифлари Гулмира Мусажонова, Нодира Саидаҳмад қизи, режиссёр Ҳамидулла Бобоқулов, оператор Жамшид Ғаниев, рассом Анастасия Рейим, гримёр Юлдузхон Қодирова, овоз оператори Забихилла Шохолдоров, фильм директори Камила Матенова, продюсер Шуҳрат Умаров.
Ҳозирда “Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова. Сен томон талпинар юрак” ҳужжатли фильмининг съёмка жараёнлари учун тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати