Умидахон ижтимоий тармоғида марҳум устоз санъаткор Турғун Алиматовни ёдга олди
Умидахон ижтимоий тармоғида марҳум устоз санъаткор Турғун Алиматовни ёдга олди. У устоз санъаткорни эслар экан, кичик воқеани ёзиб қолдирди.
“Устоз санъаткор марҳум Турғун Алиматов Мақом ансамблида ишлаб юрган кезлари ҳам унвонлари йўқ экан. Атрофларидаги жамики санъаткорлар, ҳатто кечагина ансамблга ишга келган ёшлар ҳам “хизмат кўрсатган”, “халқ артисти” унвонли, аммо у киши пенсияга чиққунларига қадар ҳам “солист Турғун Алиматов” бўлган эканлар. Табиатан хотири жам бу инсон ҳаётнинг ҳар кунига шукрли, ҳеч арзи ҳол қилмас эканлар. Кези келганда, бу хотиржамлик бировларнинг ғашига тегаркан. Бир даврада “хизмат кўрсатган”лар ўзларича аския қилмоқчи бўлиб: “Турғун ака, бизлар ҳаммамиз “ном” олганмиз, аммо Сиз зўр танбурчи бўлсангиз ҳам, ҳеч вақонгиз йўғ-а?” деб гап ташлаб қолишибди. Шунда у киши ўша бамайлихотирлик билан: “Ҳа, энди, сизлар ном олиб кетасизлар, мен эса ном қолдириб”, деган эканлар...” – дея ёзиб қолдирди хонанда Умидахон.