Дилшод Ҳолиқов студияда вақт ўтказишга мажбур
Айни кунларда деярли барча радиостанцияларда жаранг сочаётган "Нола нола" қўшиғи ижрочиси Дилшод Ҳолиқов бутунлай вақтини студияда ўтказишга мажбур бўлмоқда.
"Бугунги кунда мухлислар дилидан жой олиш ва уларни хушнуд этиш бироз мушкул. Сабаби эстрадамизда маҳоратли хонандалар бисёр. Ҳар бир ижодкор ўзига хос йўналишга эга бўлса-да, доимо изланишда бўлиши зарур", - дея гап бошлаган Дилшод Ҳолиқов шу кунларда кетма-кет нақд 5 та тарона тайёрлаётгани ҳақида маълум қилди.
Шу кунгача мазкур қўшиқлардан 3 таси тайёр ҳолатга келган. "Келармиканда", "Юрак сўзингда тур" номли тароналар сокин йўналишда ёзилган бўлиб, шахсан Дилшод Ҳолиқов бу қўшиқлар унинг ҳам юрагидан жой олганини қўшимча қилди.
Учинчи тайёр қўшиқ эса шўх ва рақсбоп йўналишда бўлиб, мухлисларга яхши кайфият улашса, ажаб эмас. "Лейлахон" деб номланган қўшиқ "айнан шу исмли қизга аталганми ёки йўқми?" деган саволимизга Дилшод Ҳолиқов жавоб беришдан қочди.
Илҳом Маматов ғояси асосида тайёрланган қўшиққа Жасур Бадалбоев мусиқий сайқал берган. Бу қўшиқлардан бирига видеоклип ҳам суратга олиниши мўлжалланган. Бу борада маҳоратли клипмейкер Ёдгор Носиров билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган Дилшод Ҳолиқов тез кунларда янги қўшиқларини кетма-кет тақдим этишга ваъда берди.