“Ўзбегим Таронаси” радиоси 14 йиллигини нишонлади
2000-йил 24-июль куни ўз эфирини бошлаган “Ўзбегим Таронаси” радиоси бу йил 14 йиллик туғилган куни ҳақиқий байрамга айланди.
ФМ 101.00 частотасида фаолият олиб борувчи завқли тўлқин шу куни барчага қувонч улашди. Эрталабки 09:00 дан бошланган байрамона эфир дастури кечки 20:00 гача давом этди.
Шу куни нафақат байрам эфири, балки байрам учун махсус ўтказилган акция лойиҳаси ҳам муваффақиятли ўтди. Ўзбек эстрадасининг деярли барча юлдузлари шу куни “Ўзбегим Таронаси” радиосини қутлашди. Бу борада айниқса, INSTAGRAM олами табрикларга тўлди.
Радио ҳам байрамона безатилиб, барчага яхши кайфият улашди. Ҳар бир ташриф буюрган меҳмон ҳам буни эътироф этиб, тўғридан-тўғри эфир орқали радиостанция ҳодимларини қутлашди.
Албатта ҳар бир келган хонанда бўш қўл билан кириб келгани йўқ. Тортлар, гуллар, турли сувенирлар, бошловчилар учун алоҳида совғалар радиони безаб турди.
Студияга шу куни Иззат Ибрагимов, Отабек Мадраҳимов, Шаҳзода, Жасур Ғоипов, “Сетора” гуруҳи, Достон Убайдуллаев, Манзура, Рухшона, Ягона, Райхон, Амира Алибекова, Шоҳруҳхон, Тамила, “Диёр” гуруҳи, Карен Гафуржанов ва бошқа кўплаб эстрада юлдузлари ташриф буюриб, байрамона эфирга янада кўтаринки руҳ баҳш этишди.
Бундан ташқари, “Серенада ижод” гуруҳи жонли ижрода бир қатор қўшиқлари билан тингловчиларни хушнуд этишди. Тантанали эфир дастурининг якунловчи қисми эса эстрадамизнинг латофатли вакиласи Лола билан биргаликда ўтказилди. Ҳар бир бошловчи ўзининг самимий тилакларини изҳор этишди.
Кун давомида “Эллада” сув ҳавзаси масканида байрам акцияси, яъни концерт дастури ўтказилди.
Шу куни сув ҳавзасига ташриф буюрган меҳмонлар хонандаларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлишди.
Бу ерда “Ўзбегим Таронаси” радиосига ташриф буюрган меҳмонлардан ташқари, Улуғбек Раҳматуллаев, Нилуфар Усмонова, Сардор Раҳимхон, “Дурдона” гуруҳи ташриф буюрб, ўзларининг шўх қўшиқлари билан ташриф буюрганлар кайфиятини кўтаришга хизмат қилишди.