Улуғбек Раҳматуллаевнинг концерт дастуридан батафсил
Куни кеча Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевнинг "Эй юрак" номли концерт дастурига старт берилгани ҳақида маълумот ва бу дастурдан фоторепортажни тақдим қилган эдик. Энди эса ваъдага мувофиқ концерт ҳақида батафсил тўхталамиз.
Концерт "Ёнимда" қўшиғи билан бошланди. Хонанда дастурдаги илк қўшиғидан сўнг ташриф буюрган мухлисларига миннатдорчилик билдирди ва "Ҳай ёрай" таронаси билан концертни давомлади. Улуғбек Раҳматуллаев бу йилги концерт дастурига 10 зиёд янги қўшиқлар тайёрлаган бўлиб, улардан биринчиси "Сеники" деб номланди. Сўнг "Дилам", "Мен сени севаман", "Қирмизи олма", "Ёнаман" қўшиқлари кетма кет ижро қилинди. Навбат илк дуэтга берилди. Улуғбек Раҳматуллаев Заҳида билан "Капалак" қўшиғини бирга куйлади. Концертдаги таъсирли қўшиқлардан бири бўлган "Онам бор" таронаси барчани юрагидан алоҳида жой олди. Биринчи қисм хонанданинг энг сара ва хит қўшиқларидан иборат бўлган попури билан якунланди.
Иккинчи қисм бошлангунча қадар ажойиб ижодкор Ботир Имомхўжаев мухлислар билан танлов ўтказди ва ҳазил мутойибалари билан томошабинлар кайфиятини янада кўтарди.
Иккинчи блок "Туғилган кун" номли тарона билан бошланди ва "Алвон лолалар" га уланди. Сўнг Муниса Ризаева билан куйланган "Чакана" номли дуэтга навбат берилди. Кутилмаган дуэт барчани лол қолдирди. Сўнг "Ёмонда", "Жоним", Дадамга ичирманг", "Бедорман", "Бемеҳргинам" қўшиқлари кетма кет ижро қилинди. Концерт "Грузинча" композиция билан якунланди.
Дастурда рақсларни "Сабо" рақс ансамбли ижро қилди.