”Халқаро мақом санъати анжумани” доирасида Қашқадарё вилоятининг бир қатор туманларида хорижлик санъаткорлар концерт дастурларини тақдим қилмоқда
“Халқаро мақом санъати анжумани” доирасида Қашқадарё вилоятининг бир қатор туманларида хорижлик санъаткорларнинг концерт дастурлари ҳам намойиш этиляпти. Шулардан бири бугун, 9 сентябрь куни Китоб туман маданият уйида бўлиб ўтди. Унда туркиялик санъат жамоаси ўз чиқишлари билан иштирок этди. Томошабинлар уларни жуда мамнуният билан кутиб олишиб, санъатларини олқишлар билан қўллаб-қувватлаб туришди. Дастур сўнгида меҳмонларни ва томошабинларни табриклаш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков саҳнага чиқди.
— Президентимизнинг мақом санъатини ривожлантириш учун кўрсатаётган мазкур ташаббуслари орқали бугун нафақат ўзбек миллий мақом санъати, балки Қашқадарёнинг ва бутун халқимизнинг қадриятлари, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳам жаҳонга кенг намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, мақом фестивали доирасида дунёнинг энг машҳур гуруҳлари ҳам сизларнинг қаршингизга келиб, ўз санъатларини кўрсатишмоқда. Бу ўз-ўзидан маданиятлар алмашинуви ва санъатлар тақдимотини юзага келтирмоқда. Бу икки карра бахт эмасми? Насиб этса, энди ҳар икки йилда мана шундай юксак савиядаги тадбирларга тайёр туринглар. Бундан буён мақом фестивали орқали Шаҳрисабз, Қашқадарё номи дунё бўйлаб тез-тез янграб туради. Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳаммангизни бугунги байрамлар билан самимий табриклайман, - дея ўз сўзини якунлади О. Назарбеков.
Табрикдан кейин талабларига биноан Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бир нечта қўшиқлар куйлаб, мухлислар кайфиятини янада кўтариб юборди.
Очиғини айтганда, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳрисабздаги ташкилий ишлар билан бир қаторда маълум бир вақтларда ўз қўшиқлари билан ҳам мухлислар кайфиятига янада кўтаринкилик бахшида этмоқда. Бу эса Қашқадарё вилоятининг турли вилоятларидан келган мухлислар ва сайёҳларни ҳам жуда хурсанд этмоқда. Анжуман доирасида тадбирлар давом этмоқда.