Ўзбегим Таронаси 18 ёшда
24 июль куни юртимизнинг завқли радиоси Ўзбегим Таронаси 18 ёшни қарши олди. Юртимизнинг етакчи радиоси жамоаси бу гал ҳам шу кунни ўзгача байрамона кайфиятда ўтказди. Радиода бу кун махсус кун бўлганини ясатилган декорациялар биринчи бўлиб англатди десак, муболаға бўлмайди. Ижодий жамоа эса ҳар кунгиданда хушчақчақ, кўзларида севинч порлади. Ахир севимли ва завқли радио 18 ёшга кирди. Шу куни эрта тонгдан байрамона жонли эфирлар бошланди. Ҳар бир соатда дуэт бошловчилар қизиқарли лойиҳалар, танловлар, совринли ўйинлар ўтказишди. Туғилган кунда бир неча санъат аҳли ҳам йўқлаб келди.
Жумладан Абдулла Қурбонов, Дилсўз, Умидахон, Каниза, Фаррух Аҳмедов, Ойбек ва Нигора, Жавлон Шодмонов, Виа Мароканд, Беҳруз Тоҳиров ҳамда ёш ижодкор Ситора Ҳамроқулова ташриф буюриб, ўзларининг дил сўзларини, тилакларини билдиришди, жонли эфирни янада ўзгача ўтишига ўз ҳиссаларини қўшишди.
Тингловчиларнинг эфирга қилган қўнғироқлари, уларнинг фаоллиги, билдирган самимий тилакларидан барчанинг боши кўкка етди. Қолаверса "Матин" гуруҳининг иштироки, эфирда жонли мусиқа, жонли ижро муҳитини яратди. Уларнинг маҳорати алоҳида таҳсинга сазовор десак янглишмаймиз. Бир сўз билан айтганда, 24 июль такрорланмас ҳис-ҳаяжонларга тўла кун бўлди ва жорий йилда ҳам аъло даража нишонланди. Яна бир бор табриклаймиз.