“Муҳаббатимсан” фильми премьераси олдидан ижодкорлар билан суҳбат
Бугун “Ўзбегим Таронаси” радиосига “Муҳаббатимсан” фильмининг ижодкорлари ташриф буюришди ва мазкур картина ҳақида бир соатлик интервью ташкил этилди.
Эфирга режиссёрлар Дурдона Тўлаганова ва Жонрид Саъдиев ҳамда бош роль ижрочиларидан бири Али Отажонов ташриф буюришди. Бошловчи Раъно Алимова билан суҳбат мазкур фильмнинг асосий мавзуси билан боғлиқ савол билан бошланди. Бу саволга Дурдона Тўлаганова жавоб берар экан, аслида картина ҳаётий воқеадан иборатлигини, барча ёшдаги томошабинлар учун мўлжалланганлигини айтиб ўтди.
Бош роль ижрочиларидан бири Али Отажонов эса санъатда аввало хонанда эканлигини ва актёрликка даъвогарлик қилмаслигини яшириб ўтирмади. Ўзининг ижоди ва фильмдаги қаҳрамони ҳақида самимий фикрлар билдирган Али Отажонов суратга олиш жараёнига ҳеч қачон кеч келмаганлигини, актёрлик борасида эса ижодий жамоа ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб турганини айтиб ўтди.
Суҳбат давомида Жонрид Саъдиев ҳам Али Отажонов ва Ситора Олимжонова билан ишлаш қийинчилик туғдирмаганини, аксинча улар билан ишлаш завқ бағишлаганини билдириб ўтди. Суҳбат қувноқ кайфият билан ўтказилди.
“Муҳаббатимсан” фильмида шунингдек, Марям Ихтиёрова, Саидкомил Умаров, Зуҳра Ашурова, Маъруф Маҳмудов каби актёрлар ҳам иштирок этишган.
Суҳбат сўнггида картина учун саундтрек борасида савол берилганида, Дурдона Тўлаганова бу саволга Али Отажонов жавоб беришини ва деярли бир йилдан буён бу қўшиқ ҳақида муҳокамалар олиб борилаётганлигини айтди. Али Отажонов эса фильм учун саундтрекни мукаммал равишда куйлаш истаги борлигини маълум қилди ва тўғридан-тўғри эфир орқали яқин 2 ҳафта ичида бу қўшиқ тайёр бўлишига ваъда берди.
Маълумот учун эслатиб ўтамиз, “Муҳаббатимсан” фильми премьераси 16-май куни “Алишер Навоий” кино саройида бўлиб ўтади. 17-майдан эса пойтахтимиз кинотеатрларида бемалол томоша қилишингиз мумкин!