“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тарғибот тадбирлари давом этади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
16 апрелдаги “2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” номли тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 63-сонли (08/1-248 17.04.2017 й.) мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тарғибот тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда алоҳида тасдиқланган режа асосида ўтказилмоқда.
Ушбу режа асосида тадбирлар жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент вилоятининг 4 та туманларида, шундан, Паркент, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларидаги 25 та умумтаълим мактабларда, 13 та касб-ҳунар коллежларида, 1 та туман марказий майдонида (Паркент туман марказий майдони), 1 та (Бўстонлиқ туманидаги) Боғи эрам номли истрохат боғида юқори савияда ўтказилди.
Мазкур тадбирларда 80 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, тадбирларга жами 15 984 нафар ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакилларининг иштироки таъминланди. Шундан, 8374 нафар умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 5110 нафар касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда 1500 нафар Туман марказий майдонида, 1000 нафар (Бўстонлиқ туманидаги) Боғи эрам номли истрохат боғларида ўқувчи ёшлар ҳамда уюшмаган аҳоли жалб этилди.
Ушбу тадбирлар ўқувчи ва талаба-ёшларнинг ёши ва психофизиологик жиҳатларидан келиб чиқиб, олдиндан ишлаб чиқилган намунавий сценарий ва маъруза матнлари асосида ташкил қилинмоқда.
Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга мустақилликка қадар бўлган давр ва мустақиликдан сўнг эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни солиштириб, “жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқдалар. Ёшлар орасидан вакиллар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирмоқдалар.
Тарғибот тадбирларида иштирок этган санъат ва маданият намоёндалари ҳамда эстрада хонандалари тадбирларда ўқувчи ёшлар билан биргаликда жонли тарзда суратларга тушган ҳолда ижтимоий тармоқлардаги ўзларининг махсус саҳифаларига жойлаштирмоқдалар, ижтимоий тармоқлар орқали эстрада хонандаларнинг шахсий саҳифаларига жойлаштирилган суратларга
6 мингдан зиёд кузатувчилар томонидан ижобий фикрлар билдирилди.