“Яна маҳаллада дув-дув гап” халқимизга баҳорий туҳфа
Ўзбекистон халқ артисти, кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов режиссёрлигида 6 ой давомида суратга олинган «Яна маҳаллада дув-дув гап» фильми баҳор фаслида кино ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилмоқда.
Кино олами вакиллари интиқлик билан кутаётган мазкур фильмнинг сценарий муаллифи Шоира Ғиёсова. Мазкур сценарий роппа-роса беш йил ичида ёзилган.
Фильм сценарийси ёзилишидан, токи мураккаб монтаж жараёнларининг якунига қадар 6 йилдан ортиқ вақтни талаб қилган картинанинг асосий воқеалари Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида тасвирга олинган. Унда 100 га яқин персонаж қатнашган.
Фильм премьераси 21 март куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Фильмда бош қаҳрамон ролини Дилбар Икромова, унинг уч ўғлини – ёш актёрлар Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимовлар гавдалантирган.
Актёрлар жамоаси таркибида Ҳусан Шарипов, Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар бор.